Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Италиянинг «Рома» клуби билан шартнома имзолади. Жозе Моуриньонинг ташаббуси билан амалга ошган трансфер учун римликлар 17,5 миллион евронинг баҳридан ўтишди. Бу трансфер нафақат ўзбек футболида, балки Россия ва Италияда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда.
Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашри Элдорга агентлик хизматини кўрсатувчи ProSports Management компанияси бошлиғи Герман Ткаченко билан суҳбат уюштириб, трансфер ҳақида сўради.
– Ҳозиргина «Рома» Шомуродовнинг трансферини эълон қилди. Оддий йигитнинг топ-клубда пайдо бўлиши ташқаридан қараганда эртакка ўхшайди.
– Шомуродовнинг «Рома»га ўтиши эртак эмас. Бу трансферда 90 фоиз Элдорнинг меҳнати рол ўйнаган бўлса, қолган 10 фоизида биз шунчаки ўз ишимизни тўғри қилдик. Албатта, бу аввало Элдорнинг меҳнати, истеъдоди эвазига содир бўлди. Гап фақат Италиядаги дастлабки 10 ойда урилган 8 голда ҳам эмас. У жамоавий ҳаракатларда яхши ўйнади, шерикларига бўшлиқ яратиб берди, ҳимояда ҳам ёрдам кўрсатди.
Қисқа муддатда уни «Женоа» клубидагилар, шериклари ва кўплаб мухлислар ёқтириб қолишди. Умуман олганда, А Серия уни зўр кутиб олди. Бу қишки трансфер ойнаси вақтидаёқ – катта клублар ва журналистларнинг қўнғироқларидан маълум эди.
– Сизнинг бу борада ишингиз нимадан иборат эди?
– Ишни Тошкентда бошлаб, ўшандаёқ қандай ҳаракатланишни келишиб олгандик. Яъни уни аввал унчалик катта бўлмаган рус клубида ўйнатиш орқали Европага олиб боришга ҳаракат қилиш ҳақида ўйлагандик. Унинг аввалига Россияга, кейин Италияга мослашишига ёрдам бердик. Италияда Элдорнинг дастлабки уч ой ҳаётида бизнинг ходимимиз у билан бирга бўлиб деярли барча маиший ташвишларигача ҳал қилиб турди.
Кейин Элдорни италянчани ўрганишга мажбурладик, десам ҳам бўлади. Бошида жуда ёмон ўзлаштирди, ҳозир эса ҳаммаси яхши. Тил ўргангани унга янги мамлакатга мослашишга ёрдам берди. Шунингдек, профессионал шерикларни танлаш ҳам муҳим омил ҳисобланади. Италияда ака-ука Жифруддаларнинг GG11 компанияси билан ҳамкорлик қиламиз. Улар ҳақиқий профессионал йигитлар. Яна такрорлайман, Элдорнинг трансфери аввало унинг меҳнати ва карьерани ташкил этишдаги профессионаллиги ёрдамида амалга ошди.















