Имтиҳондан олдин ёшларда ҳаяжонлар ва қўрқув бўлиши табиий. Kun.uz синов қаршисида стрессга тушаётган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига мутахассис тавсияларини тақдим этади.

Сир эмаски, баъзи ҳолатларда ўта кучли ҳаяжонланиш абитуриентда билган саволларига ҳам жавоб бера олмаслик, техник хатоларга йўл қўйиш каби ҳолатларни бошлаб келади. Кучли стресс, қўлларнинг қалтираши кабилар имтиҳонда бор имкониятларидан фойдалана олмасликка, фикрлар чалғишига олиб келади. Бу эса имтиҳон натижаларига таъсир қилмай қолмайди.

Психолог: “Имтиҳондан 1-2 кун аввал ўқишни тўхтатган маъқул”

Психолог Розалия Габдулҳакова

Психолог Розалия Габдулҳакова абитуриентлар йўл қўядиган катта хатолардан бири – тайёргарликнинг сўнгги кунларида, яъни имтиҳондан олдинги кунларда муккасидан кетиб ўқиш эканини айтди.

“Имтиҳонга яқин қолганда кўп ўқиш деярли ҳеч нарсани ўзгартирмайди, аксинча чарчаган ва зўриққан мия имтиҳонда панд бериши мумкин. Шунинг учун имтиҳондан 1-2 кун аввал ўқишни тўхтатган маъқул.

Бир кун аввал тўйиб ухлаш керак. Бунинг учун телефондан воз кечиб, қоронғироқ ва сокин хонада дам олиш керак. Шунингдек, етарлича дам олиш учун ўй-хаёлларни ҳам тўғри йўналтириш талаб қилинади. Келажак орзулар, яхши режалар ҳақида ўйлаш фойдали бўлади.

Имтиҳон куни қилинадиган ишларни, албатта, режалаштириш керак, чунки қайси транспортда бориш, вақт тақсимоти сабаб ҳам келиб чиқиши мумкин бўлган айрим муаммолар боланинг кайфиятига таъсир қилади. Шунақа муаммолар учрамаслиги учун қайси вақтда уйғониш, нонуштага қанча вақт, йўлга қанча вақт кетишини ҳисоблаб ҳаракат қилиш абитуриентни хотиржам қилади.

Имтиҳонга борганда ўша муҳитга кўникиш учун бироз вақт керак. Шунинг учун имкон қадар эртароқ боришга ҳаракат қилиш лозим. Жойга ўрганиб, мослашиш ҳаяжонни босиш, хотиржам бўлишда ёрдам беради. Тест вақтида бошқаларга эътибор бермаслик, нафас олишни бир текис йўлга қўйиш хотиржам бўлиб, керакли маълумотларни ишга солишга ёрдам беради.

Тестдан олдин ҳам хаёлга келган турли кераксиз ўйлар, фикрларни чеклаб фақат яхши нарсалар, ёрқин келажак ҳақида ўйлаш керак. Шундай муҳим жараён олдидан абитуриент атрофидаги ҳар бир ҳолат ҳисобга олиниши яхши натижа беради”.