Кунни енгил атлетика бўйича баҳслар бошлаб берди.

Уч хатлаб сакраш мусобақасида иштирок этган Руслан Қурбонов саралаш баҳсларида уч уринишда ҳам сакрай олмади ва мусобақани ҳеч қандай натижасиз якунлади.

Ўзбекистон бокс жамоаси эса турнирда катта муваффақиятсизликка учрамоқда. Бугунги баҳслардан кейин 11 нафар спортчидан фақат бир нафари турнирда қолмоқда.

3 август куни ўзбекистонлик уч боксчи чоракфиналда рингга чиқди. Дастлаб Рио Олимпиадаси чемпиони Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) филиппинлик Карло Паламга қарши жанг қилди. Дастлабки раунд филиппинлик боксчининг ҳисобига ёзилди. Иккинчи раунд давомида рефери Зоировнинг қоши ёрилгани учун жангни тўхтатди. Шу вақтга қадар тўпланган очколар ҳисобига кўра филиппинлик боксчи ғолиб деб топилди. Энди у яримфиналда мезбонлар вакили Косэй Танакага қарши рингга чиқади.

Элнур Абдураимов (-63 кг) арманистонлик Ховханнес Бачков қаршисида ожиз қолди - ҳакамлар бир овоздан унинг рақиби ғалабасини қайд этишди.

Райҳона Қодирова (-60 кг) эса бразилиялик Беатриз Феррейрага ютқазиб, медалдан қуруқ қолди.

Эндиликда Ўзбекистон бокс жамоасида медал учун курашадиган биргина вакил қолди. Баҳодир Жалолов 4 август куни яримфиналда британиялик Фрейзер Кларкка қарши жанг қилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон бокс терма жамоаси беш йил муқаддам, Рио Олимпиадасида 3та олтин, 2та кумуш ва 2та бронза билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритганди.

Юнон-рум кураши жамоасининг сўнгги вакили Рустам Ассакалов (-87 кг) иштирокини яхши бошлади. У 1/8 финалда грузиялик жаҳон чемпиони Лаша Гобадзега қарши кураш олиб борди. Унда Ўзбекистон вакили 6:5 ҳисобида ғалаба қозонди.

Аммо чоракфиналда ўзбекистонлик курашчи хорватиялик Иван Хуклекка мағлуб бўлди - 1:4. Хуклек эса яримфиналда украиналик Жан Беленюкка қарши гиламга чиқиб имкониятни бой бериб қўйди. Натижада Рустам Ассакаловда бронза учун курашиш имконияти бўлмади.