Заранж толибларнинг юриши давомида ҳукумат қўлдан чиқарган илк вилоят маркази бўлди. Айни вақтда Ҳирот, Лашкаргоҳ ва Қандаҳор шаҳарлари учун ҳам жанглар давом этмоқда.

АҚШ ҳарбийлари мамлакатни тарк эта бошлагач, «Толибон» кенг кўламли ҳужумларни бошлаганди. Турли маълумотларга кўра, айни вақтда ҳаракат мамлакат ҳудудининг 50 фоиздан 80 фоизгача бўлган ҳудудларини (шаҳарлардан ташқаридаги ҳудудлар) назорат қилмоқда, аммо бугунги кунгача улар бирорта вилоят марказини қўлга олишмаганди.

Заранж - йирик савдо марказларидан бўлиб - жангариларнинг узоқ вақт давомидаги қамалидан кейин таслим бўлди.

«Бугун эрталаб Заранждаги вилоят губернатори қароргоҳи, полиция биноси ва бошқа кўплаб объектлар мужоҳидлар қўлига ўтди. Қолган ҳудудлар ҳам тозаланмоқда», деб маълум қилган толиблар вакили Қори Юсуф Аҳмадий.

BBC’нинг ҳукуматдаги манбаси маълумотига кўра, маҳаллий афғон ҳарбийлари билан ўзаро жанглар ҳамон давом этмоқда. Ижтимоий тармоқларда шаҳардаги талончилик ҳолатлари акс этган видеолар тарқалган.

Толиблар бунинг исботи сифатида шаҳар маъмурияти биноси олдида тушган суратларини эълон қилишган. Ижтимоий тармоқлардаги постларга ишонилса, толиблар полиция участкасини эгаллаган ва автомобилларни олиб кетган.

Маҳаллий манбаларнинг таъкидлашича, шаҳарнинг катта қисми толиблар назоратига ҳеч қандай қаршиликсиз ўтган.

Reuters агентлиги манбаси маълумотига кўра, жангарилар ҳукумат кучларига ёрдам етиб келмагани туфайли шаҳарни эгаллашган. Хабарларга кўра, шаҳар аэропорти ҳам жангарилар назоратига ўтган.

Шаҳар аҳолиси вилоят турмаси маъмурияти ва соқчилари қочиб кетгандан кейин у ерни ўнлаб маҳбуслар тарк этаётгани акс этган видеоларни тарқатган.

Заранжнинг эгалланиши, кўп эҳтимол билан толибларнинг юришларини янада ривожлантиради. Бу юриш мамлакатни 20 йиллик урушдан кейин АҚШ ҳарбийлари бутунлай тарк этиши фонида олиб борилмоқда. Айни вақтга келиб америкалик ҳарбий хизматчиларнинг 95 фоизга яқини олиб чиқилган. Толибларнинг мақсади Афғонистонда 1996-2001 йилларда ҳукмронлик қилган Ислом амирлигини тиклаш ҳисобланади.