Мулоқот вакиллари Марказий Осиё давлатлари томонидан гендер тенглигини таъминлаш бўйича сиёсатни амалга оширишда эришилган ютуқларни кўриб чиқиб, минтақавий ҳамкорликнинг турли соҳаларида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, давлатлар ўртасидаги гендер сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва аёлларнинг жамият ҳаётидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ролини ошириш бўйича таклифлар киритилди.

Қайд этилишича, 2019 йилда Қирғизистон аёлларнинг маҳаллий сайловларда камида 30 фоиз мандатларини кафолатлайдиган қонун қабул қилган, шу туфайли аёллар 43 та маҳаллий кенгашларнинг раиси этиб сайланган. Маҳаллий ҳукумат раҳбариятидаги аёллар сони ҳам сезиларли даражада ошган.

Тожикистонда 2020 йилги парламент сайловлари натижаларига кўра, парламентнинг қуйи палатасида аёллар улуши 19% дан 23,8% гача, парламентнинг юқори палатасида эса 18,7% дан 25,8% гача ошган.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда ҳукуматнинг юқори поғоналарида аёллар улуши даражаси 26,6% га етган. Ўзбекистонда давлат тузилмаларида ишлаш учун 15 минг нафар юқори малакали аёллардан иборат мустаҳкам кадрлар захираси шакллантирилган.

Форумда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева сўзга чиқди. У ўз нутқида мазкур мулоқотга Ўзбекистоннинг раислиги доирасида уни минтақадаги аёллар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган янги, юқори сифатли маслаҳатлар платформаси сифатида шакллантириш учун барча саъй-ҳаракатлар ишга солинишини таъкидлади.

Норбоева, шунингдек, 2021 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Сенати 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш миллий стратегиясини тасдиқлаганини қайд этди.

“Ҳужжат захирадаги аёлларни махсус дастурлар асосида тизимли ўқитиш, уларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш каби бир қатор йўналишларни ўз ичига олади”, – деди Ўзбекистон Сенати раиси.