1 августдан бошлаб, Ўзбекистон телеканалларида хорижий сериаллар ўрнига фақат миллий сериалларни намойиш этиш тартиби кучга кирди. Бу ҳақдаги қарор Ҳукумат комиссиясининг 2021 йил 28 январдаги йиғилишига оид 135-сон баёнида акс этган.

Хўш, ахборот сиёсатидаги тақиқлар занжирига келиб қўшилган бу янги чеклов қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Нима учун айнан бу масалада ҳам тақиқлаш йўлидан борилмоқда? Бундай ҳолат дунё мамлакатлари тажрибасида учрайдими ўзи? Умуман, Конституция ва соҳага оид қонунчиликка бу қай даражада мос?

Киношунос Отабек Тиллаев Kun.uz'га тақдим этган мақоласида шу мавзуда атрофлича сўз юритади.

Нега тақиқларга ёпишиб оляпмиз?

Техника-технология юқори чўққига кўтарилган бир даврда яшаяпмиз. Шундай шароитда зиёлилар қатлами телевидение орқали намойиш этиладиган телесериалларнинг жамиятга таъсири масаласида фикр-мулоҳаза билдириши, ўзаро баҳсга киришиши табиий бир ҳол.

Аслида, хорижий сериалларнинг муайян миллатга таъсири масаласи у қадар янги мавзу эмас. Халқаро миқёсда тарқатиладиган теледастурларнинг, айниқса, драматик асарлар ва сериалларнинг томошабинлар миллий маданиятига таъсири масаласи 1960 йиллардан эътиборан муҳокама мавзусига айлана бошлаган. 90 йилларнинг охирига келиб эса халқаро алоқалар соҳасида бу масалага бағишланган қатор тадқиқотлар пайдо бўлди.

Умумий нуқтайи назардан, ушбу тадқиқотларда дастурий саноат ривожланган Ғарб мамлакатларидан, хусусан, АҚШдан «ривожланаётган» ёки «кам ривожланган» мамлакатларга бир йўналишда интенсив дастур оқимининг таъсири «модернизация» ва «қарамлик» (1960-йиллар), «маданий империализм» (1970-йиллар), «ўзаро глобаллашув» (1980-йиллар) ва «маданий ҳомогенизация» ва «америкалаштириш» (1990-йиллар) тушунчалари билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқилади.

UNESCO соябони остида ташкил этилган «Янги дунё ахборот ва коммуникация тартиби»ни яратишдан кўзланган мақсад ҳам маданий тижоратда Ғарб гегемонлигининг олдини олиш ва шу тариқа ривожланаётган мамлакатларнинг миллий ўзига хослигини сақлаб қолиш эди.

Худди шундай, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг давлат ва хусусий телеканаллар фаолиятининг йўлга қўйилиши, эфир соати таркибий хилма-хиллигини таъминлаш ва аудиториянинг талаб-эҳтиёжларига эътибор қаратилиши ортидан хорижий сериалларнинг эфир ҳажми сезиларли даражада ошиб борди.