Жамият | 17:13 / 11.08.2021
5679
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги ISO 9001 сифат стандарти бўйича халқаро сертификат олди

Адлия вазирлиги нафақат республикада, балки Марказий Осиё давлатларидаги вазирликлар орасида биринчилардан бўлиб “ISO 9001 сифат менежменти тизими” халқаро стандарти сертификатини қўлга киритди.

2021 йил 11 август куни кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида мазкур сертификатни Адлия вазирлигига топшириш тадбири бўлиб ўтди.

Бугунги кунда 170 дан ортиқ мамлакатлардаги фирма ва ташкилотлар ушбу сертификатга эга бўлган.  

Ушбу сертификатни қўлга киритиш учун Адлия вазирлигида қандай ишлар амалга оширилди?

Биринчидан, Адлия вазирлигининг иш фаолияти жараёнлари ва уларнинг натижасини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҳар ярим йиллик якуни бўйича вазирлик иш фаолияти жараёнлари ва уларнинг натижалари олдиндан белгиланган мезонларга кўра баҳолаб борилади.

Иккинчидан, барча йўналишлар бўйича эришилиши лозим бўлган кўрсаткичлар белгилаб олинди. Мазкур кўрсаткичларга эришиш ҳолати ҳар ҳисобот даврида мониторинг қилиб борилади.

Учинчидан, Адлия вазирлигининг иш фаолиятини амалга оширишда ташқи ва ички имкониятлар ва хавф-хатарлар, манфаатдор томонлар ва уларнинг талабларини аниқлаштириш бўйича таҳлил ўтказилиб, фаолият сифатига таъсир қилувчи хавф-хатарларни камайтириш ва сифатни янада ошириш бўйича иш режалар ишлаб чиқилди. Бунда, иш фаолият ҳар ҳисобот даврида аудитдан ўтказилиб, сифатга таъсир қилувчи омиллар бартараф қилиб борилади.

Тўртинчидан, анъанавий тарзда ҳисоботдаги кўрсаткичлар миқдоридан келиб чиқиб баҳолашдан воз кечилиб, ҳар бир соҳа бўйича алоҳида мақсадли мезонлар белгилаб олинди ва ушбу мезонларни баҳолаш тизими жорий қилинди.

Адлия вазирлиги фаолияти самарадорлиги ва сифатини ошириш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишига ҳамда Ўзбекистон Конституцияси ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари асосида қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилишига эришиш устувор мақсад қилиб олинган, дейилади вазирлик хабарида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид