Ўзбекистон | 15:15 / 12.08.2021
1494
3 дақиқада ўқилади

Самарқандга рейс ташкил этаётган Украина авиакомпанияси Ўзбекистондаги ваколатли орган рухсатномасини олмагани маълум қилинди

Украинанинг Bees Airline авиакомпанияси 30 август кунидан бошлаб, ҳафтанинг ҳар душанба куни Киев-Самарқанд-Киев йўналишида парвозлар бошлашини эълон қилиб, 9 август куни рейсларга чипталар сотуви бошлангани ҳақида хабар тарқатган. Транспорт вазирлиги ахборот хизмати мазкур хабар бўйича муносабат билдирди. Унга кўра, Украина авиакомпанияси Ўзбекистондаги ваколатли органларга бу тўғрида мурожаат қилмаган ва тегишли рухсатнома олмаган.

Муносабатда ёзилишича, Украина авиакомпанияси томонидан тарқатилган хабарда мазкур йўналишдаги қатнов қай тартибда (мунтазам ёки чартер) амалга оширилишига ойдинлик киритилмаган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига Украинанинг Bees Airline авиакомпанияси томонидан Самарқандга мунтазам парвозларни йўлга қўйиш юзасидан мурожаатлар бўлмаган.

Қолаверса, авиакомпания томонидан Киев-Самарқанд-Киев йўналишида бир марталик чартер парвозларни бажаришни ташкил этиш юзасидан «Ўзавиация» агентлигига шу вақтга қадар ҳеч қандай сўров келиб тушмаган.

Таъкидланишича, хорижий мамлакатлар авиакомпаниялари Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик (чартер) рейсларни амалга ошириш учун ваколатли орган – Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигининг тегишли рухсатномасини олиши ва ана шундан сўнг авиачипталар сотувини бошлаши лозим.

«Ваколатли органнинг чартер қатновини бажариш бўйича тегишли рухсатномаси мавжуд эмаслиги натижасида авиакомпаниялар томонидан эълон қилинган йўналишдаги парвознинг бекор қилиниши йўловчилар орасида ижтимоий кескинликнинг вужудга келишига олиб келади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги хорижий авиакомпаниялардан йўловчиларнинг ҳуқуқлари ва ташувчининг мажбуриятларига қатъий риоя этишини сўраб қолади», дейилади муносабатда.

Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистон ва Украина авиация маъмуриятлари ўртасида фақатгина «Тошкент – Киев» йўналишида парвозларни амалга ошириш юзасидан келишув мавжуд.

P.S. Самарқанд вилоят туризм ва спорт бошқармаси матбуот хизмати 10 август куни Киевдаги Ўзбекистон элчихонасида Киев-Самарқанд мунтазам рейслар очилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилгани ҳақида хабар тарқатди.

Мавзуга оид