Профессор Френсис Фукуяма – АҚШнинг Стенфорд университети қошидаги, Фриман Спогли номидаги Халқаро тадқиқотлар институтининг катта илмий ходими. У мазкур институт ҳузуридаги Демократия, тараққиёт ва қонун устуворлиги марказининг директори.

Таниқли олим иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг “Ҳошимов иқтисодиёти” лойиҳасига берган интервьюсида Марказий Осиё ва Ўзбекистоннинг ривожланишига оид фикрлари билан ўртоқлашди.

Қуйида Фукуяманинг интервьюдаги фикрларидан айрим парчалар келтириб ўтилади.

“Иқтисодий ўсиш инсон капиталининг ривожланишига боғлиқ”

— Ўзбекистон иқтисодий ўсиши бўйича баъзи қўшниларига қараганда унчалик ёмон натижага эришмади. Aммо менимча, ўсиш барқарор эмас, чунки у нисбатан кам миқдордаги хомашё товарларига асосланган.

Ўйлашимча, жамиятнинг узоқ муддатли иқтисодий ўсиши кўп ҳолларда инсон капитали ривожланишига боғлиқ. Бу масала эса асосан таълимга бориб тақалади.

Ўзбекистоннинг Узоқ Шарқ, Европа ва Яқин Шарқ ўртасидаги ўзаро боғловчи вазифасини бажариш потенциалидан фойдаланиш масаласи. Хабарингиз бор, Ўзбекистон – Си Цзинпиннинг “Бир камар – бир йўл” ташаббусининг бир қисми. Келажакда мазкур йўналиш бўйлаб қайта ишлаш терминали сифатидаги фаолият ўсишнинг бир манбайи бўлиши мумкин.

Aммо ҳақиқатан ҳам ҳар қандай жамиятнинг ўсиши унинг одамлари, уларнинг олган билим даражаси ва ташқи дунё билан алоқаларига боғлиқ. Ўзбекистондаги асосий муаммо мана шу масалада бўлади деган фикрдаман.

Институтларни ислоҳ қилмай туриб, инсон капиталини қандай яхшилаш мумкин?

— Баъзан жуда кучли сиёсий институтлари йўқ, асосан хомашё ишлаб чиқарадиган мамлакатларда ҳам ўсишни кузатиш мумкин. Институтлар эса баъзан кейинроқ пайдо бўлиши мумкин. Бундай жараёнлар қатъий кетма-кетлик асосида содир бўлиши шарт эмас.

[...] Мамлакат ривожланиши жараёнида содир бўладиган ҳодисалардан бири – инсон капиталининг ўсиши. Тараққиёт давомийлигини таъминлаш учун сизга университет таълимини олган, умумий саводхонлик даражаси, базавий математика ва бошқа шунга ўхшаш кўникмаларга эга инсонлар керак бўлади. Муваффақиятли модернизацияга эришган ҳар қандай жамият ўз аҳолисида ушбу кўникмаларни ривожлантиришга эътибор қаратган, деб ўйлайман. Менимча, булар – узоқ муддатли ривожланишга олиб борувчи баъзи омиллардир.