Златан Ибраҳимович
Жароҳат: ўнг оёқ товони шикастланиши
Сафга қайтиш муддати: сентябрь
«Милан» клуби ҳужумчиси Златан Ибраҳимович А Серия янги мавсуми дастлабки турларида жамоасига ёрдам бера олмайди. 39 ёшли швециялик ҳужумчи ҳалигача «Милан»нинг жамоавий машғулотларига қўшилмаган ва якка тартибда тайёргарлик кўрмоқда.
Gazetta della Sport’нинг ёзишича, мураббийлар швециялик голеадорнинг эртароқ сафга қайтишига умид қилишган, аммо 39 ёшли форвард ҳалигача тўлиқ тикланиб улгурмаган.

Шу тариқа, Ибраҳимович А Серия 1-тури доирасидаги «Сампдория» ва 2-турдаги «Кальяри»га қарши баҳсни ўтказиб юбориши деярли аниқ.
Златан А Серия якунланган мавсумининг 9 май куни ўтган «Ювентус»га қарши баҳсда жароҳат олиб, июнь ойида Евро-2020га бора олмай, жарроҳлик столига ётган эди.
Тони Кроос
Жароҳат: қорин ости қисми
Сафга қайтиш муддати: номаълум
«Реал» яримҳимоячиси Тони Кроос 3 август куни жароҳат олиб сафдан чиқди. Клуб расмий сайти хабарига кўра, футболчи қорин ости қисмида оғриқ сезмоқда. Клуб шифокорлари футболчининг қачон сафга қайтишини маълум қилмаган.

Германиялик яримҳимоячи Ла Лига 1-тури доирасидаги «Алавес»га қарши ўйинни (4:1) ҳам ўтказиб юборди. 31 ёшли немис футболчиси Евро-2020дан кейин миллий жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилганди.
Серхио Агуэро
Жароҳат: оёқ мушаклари шикастланиши
Сафга қайтиш муддати: октябрь
«Манчестер Сити»дан эркин агент сифатида «Барселона»га ўтган Серхио Агуэронинг жароҳати кутилганидан ҳам жиддийроқ бўлиб чиқди. Diario Sport хабарига кўра, 33 ёшли аргентиналик ҳужумчи оёқ мушакларидаги шикастланиш сабабли 10 ҳафтагача майдонга туша олмайди. Футболчининг янги клубидаги дебюти октябрь ойига қадар чўзилиши тахмин қилинган.












