Ўзбекистон | 18:39 / 18.08.2021
800
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда қулфланиб қолган уйдан 2 ёшли бола қутқарилди

Қарши шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида қулфланиб қолган хонадон ичидаги 2 ёшли бола қутқарилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 17 август куни Қашқадарё вилояти ФВБ навбатчи-диспетчерлик хизматига Қарши шаҳар Насаф кўчасидаги кўп қаватли уйнинг хонадонларидан бирида яшовчи фуқародан мурожаат тушган. Мурожаатда хонадоннинг кириш эшиги қулфланиб, у ерда 2 ёшли бола қолиб кетгани тўғрисида хабар берилган.

Қайд этилишича, зудлик билан хабар қилинган жойга етиб борган қутқарувчилар хонадон деразаси очиқлигини аниқлаган ва дарҳол юқори қават деразасидан махсус арқон ёрдамида тушиб, уй ичида қолган болани қутқариб, онасига соғ-саломат топширган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид