Олий суд Қашқадарёда жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчасига вилоят ва туман судлари томонидан солиқчилар фойдасига чиқарилган қарорларни бекор қилган. Бу ҳақда Kun.uz’га Бизнес-омбудсман девони бош инспектори Шероз Шодиев хабар берди.

Маълум қилинишича, Бизнес-омбудсман девонига Қарши туманида фаолият юритувчи «Бўстон» хусусий корхонаси (тадбиркорлик субъектининг номи ўзгартирилган) қабул қилинган суд қарорларидан норози бўлиб мурожаат қилган.  

Аниқланишича, Қарши туман ҳокимининг 2015 йил 28 ноябрдаги X-1333/11-сон қарори билан «Бўстон» хусусий корхонасига Қарши тумани, Хушвақт қишлоғи ҳудудида қурилган аҳолига маиший газ баллонларини тўлдириш станциясига эгалик ҳуқуқи берилган. 

2017 йил 29 январда Вазирлар Маҳкамаси томонидан берилган АВ-3136-сон лицензия билан «Бўстон» хусусий корхонаси суюлтирилган углеводород газини биржадан харид қилган ҳолда аҳолига маиший эҳтиёжлари учун реализация қилиб келган.

2019 йил декабрь ойида Қарши туман солиқ инспекцияси корхона фаолиятида камерал текшириш ўтказган ва 20 декабрда 104 миллион 791 минг сўм акциз солиғи тўлаш лозимлиги тўғрисида 15-17166-сонли талабнома берилган. 

Корхона талабанома нотўғри берилди деб ҳисоблаган ва уни бажармаган. 2020 йил 21 апрелда Қарши туман давлат солиқ инспекцияси томонидан камерал назорат натижасида аниқланган 110 миллион 790 минг сўм қарздорликни ундириш юзасидан «Бўстон» хусусий корхонаси ҳисоб рақамига 330044298-сон инкасса топшириқномаси қўйилган. 

Шундан сўнг Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси «Бўстон» хусусий корхонаси манфаатида Қарши туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилиб, хусусий корхона ҳисобрақамига ноқонуний қўйилган 330044298-сон инкасса топшириқномасини ижро қилишни мумкин эмас деб топишни сўраган. 

Иш ҳужжатларида хусусий корхонанинг акциз солиғи тўловчиси эканлигини рад қилувчи бир қанча далиллар мавжуд бўлишига қарамасдан Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 24 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза рад қилинган. 

Суднинг ҳал қилув қарорида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги 646-сон «Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорининг 5-бандида мувофиқ кундалик ҳаётда истеъмол қилиш учун аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш белгиланган нархларда фақатгина, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари орқали амалга оширилиши, шу сабабли акциз солиғи тўлашдан имтиёз «Ҳудудгазтаъминот» АЖ тизимидаги ташкилотларга татбиқ қилиниши, «Бўстон» хусусий корхонасига бу имтиёз татбиқ этилмаслигини таъкидлаган.