Ҳаракат раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода ҳисобланади, аммо толибларнинг ғалабаси ҳақида биринчи бўлиб унинг ўринбосари, ташкилотнинг сиёсий қаноти раҳбари Абдулғани Биродар Доҳадаги офисдан туриб эълон қилди. Ҳозирча мамлакатни айнан ким биринчи раҳбар сифатида бошқариши ва ҳукумат таркибидан кимлар ўрин эгаллаши тасдиқланмаган. Аммо ташкилотнинг асосий етакчилари ҳақида айрим маълумотлар бор.

Толибларнинг ҳокимиятга келиши. Кобул нима учун бунча тез қулади?

1. Мавлавий (бошқарувчи) Ҳайбатуллоҳ Охундзода
Ҳаракат асосчиси Мулла Умар (2013 йилда вафот этгани айтилади) ва унинг вориси мулла Ахтар Мансур (2016 йилда ҳалок бўлган)дан кейин толибларга етакчиликни қўлга олган учинчи олий қўмондон. У ҳозирги лавозимини 2016 йил майида эгаллаган. Ҳарбий эмас, кўпроқ диний уламо сифатида маълум.

Мавлавий Ҳайбатуллоҳ Охундзода - «Толибон»нинг учинчи етакчиси 
Фото: Afghan Islamic Press via AP

Охундзода жанубдаги Қандаҳор вилоятида, тасдиқланмаган маълумотларга кўра 1961 йилда туғилган. Унинг отаси қишлоқ имоми бўлган.

1980-йилларда советларга қарши жанг қилган мужоҳидлар сафига қўшилган, аммо тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаган.

Кейин оиласи билан Покистонга кўчиб ўтган, ушбу мамлакат шимолидаги Кветта шаҳрида ўрнашган ҳамда шу ердаги мадрасада таҳсил олган.

1994 йилда эса аввалига диний мактабларнинг радикал кайфиятдаги талабаларини бирлаштирган, ўша вақтда Покистон ҳудудида мулла Умар ва унинг уч ҳаммаслаги томонидан асос солинган «Толибон»га қўшилади.

Толибларнинг илк бошқарув даврида (1996-2001) ҳарбий судни бошқаради, олий суд раисига ўринбосарлик қилади. Ўшанда толиблар телевидение, кино, мусиқа, косметика, спорт ва 10 ёшдан катта қизларнинг мактабда ўқишини тақиқлашганди. Мамлакатда тошбўрон қилиш, қўл кесиш ва омма олдида калтаклаш каби жазолар амал қиларди. Айнан Охундзода кўплаб фатволар чиқарган.

Афғонистонда толиблар режими ағдарилгач, Охундзода яна Покистонга кўчиб, мамлакат жануби-ғарбидаги Кучлак шаҳридаги мадраcа ва диний мактабларда дарс берган. Бу шаҳар Кветта (коллегиал бошқарув органи - «Кветта шўроси» ҳам шу ерда) яқинида жойлашган.