Ўзбекистон | 10:21 / 23.08.2021
3028
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бермоқчи бўлган шахс ва унинг автомактабдаги шериги ушланди

Жиззах шаҳрида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун махсус курсларда ўқимаган фуқарога пул эвазига гувоҳнома олиб бермоқчи бўлган шахс ва унинг автомактабдаги шериги ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Жиззах шаҳрининг Қассоблик маҳалласидаги цехда уста бўлиб ишловчи шахс шаҳарнинг Олмазор маҳалласида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган. У фуқарони автомактабда ишловчи танишлари орқали 10-15 кунда рўйхатга қўйдириб, ўқув машғулотларига қатнашмасдан «В» тоифадаги гувоҳнома олиб беришини айтиб 1,2 миллион сўм пул талаб қилган.

Бу ҳақдаги мурожаат асосида вилоят ИИБ ҳамда ИИВ Ўз хавфсизлик бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда уста ишхонаси олдида 1 миллион сўм пул, фуқаролик паспорти нусхаси ва 6 дона 3х4 ҳажмдаги фотосуратларни олган вақтда қўлга олинган.

Қайд этилишича, олиб борилган терговга қадар текширув давомида пул ва фуқароликни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ҳамда расмлар автомактаб масъулларига берилиши аниқланган. Шу боис тезкор тадбир давом эттирилган ва ўқув маркази масъули паспорт нусхаси, 1 миллион сўм пул ва фотосуратларни олаётган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид