Кобул аэропорти айни вақтда АҚШ ва Ғарбнинг бошқа мамлакатларининг улкан кулранг транспорт самолётлари билан тўлган. Осмонда ҳарбий вертолётлар учиб юради. Ҳар бир самолёт атрофида адоқсиз навбатлар.

Учиб кетмоқчи бўлганларга фақат бир чамадон олишга рухсат бор. Одамлар Афғонистондан - толиблар эгаллаган мамлакатидан қочиб кетмоқда. Одамлар ўз юртини, ҳаётини, орзуларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.

Уларнинг орасида BBC’нинг собиқ журналист-фрилансери Билол Сарварий ҳам бор. У оиласи билан аэропортнинг учиш майдонига етиб кела олди ва парвоздан олдин озроқ кийимдан бошқасини қолдиришига тўғри келди.

У Сола исмли қизини туғилган мамлакатида ўстиришни истаганди - у бу мамлакатда 2001 йилдан бери рўй берган воқеаларни хорижлик корреспондентларга таржимон сифатида ёритиб келаётганди. У энди қизи қачонлардир ватанни ташлаб кетишга мажбур бўлишганини тушунишига умид қилади.

«Афғонларнинг бир авлоди орзуларини, режаларини ва ўз ҳаётларини кўмди», дейди у.

Шу билан бирга, у кетаётган бўлса-да, таслим бўлмаслигини айтади.

«Афғонистон билан алоқаларимиз - фожиали роман каби. Нима бўлса ҳам биз ундан воз кечмаймиз», дейди Билол.

Қанча афғон мамлакатни тарк этмоқда?

Бу саволнинг жавоби ҳозирча аниқ эмас.

«Толибон» Афғонистоннинг барча чегара ўтиш пунктларини назорат қилмоқда. Қолаверса, улар афғонларнинг мамлакатни тарк этишини истамасликларини ҳам айтишди. Чегарадан фақат савдогарлар ёки тегишли ҳужжатлари бўлганларгина ўтиши мумкин.

«Афғонларнинг аксарияти оддий каналлар орқали мамлакатни тарк эта олмаяпти. Бугун хавф остида бўлган одамларнинг мамлакатдан чиқиш учун аниқ бир йўли йўқ», дейди БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлиги матбуот котиби жума куни берган баёнотида.

Бироқ баъзи қочқинлар мамлакатни тарк этиш йўлларини топишга муваффақ бўлишди.

«Толибон» Кобулни эгаллаб олганидан кўп ўтмай, бир неча минг афғонистонлик Покистонга ўтган, 1,5 минг нафарга яқин афғон эса Ўзбекистонга кириб, чегарага яқин чодирларга жойлашган.

Кобул аэропортида минглаб афғонистонликлар ўз фуқароларини мамлакатдан олиб чиқиш учун хорижий давлатлар томонидан амалга оширилаётган эвакуация рейсларига «илиниб» қолишга уринмоқда.