Жамият | 17:58 / 24.08.2021
1989
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган депутат директор ишдан бўшатилди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қарши туманида жойлашган 6-мактаб ўқитувчиларининг мурожаати тарқалди. Улар ўз мурожаатида мактаб директори Феруза Аҳмедова мактаб ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилаётгани, ўқитувчилар ишламаса, дарс бермаслигини айтиб таҳдид қилаётганини айтган. Вилоят ХТБ томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, 6-мактабдаги ҳолат ўрганилган. Бу ҳақда «Адолат» СДП Қарши тумани кенгаши раиси Юлдуз Муҳаммадиева хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти ХТБ томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли масъул мутасаддилар иштирокида 6-мактабдаги ҳолат ўрганилган. Бундан ташқари, 2021 йил 21 август куни Халқ депутатлари Қарши тумани кенгашининг навбатдаги сессиясида 6-мактабда кузатилган ҳолатлар бўйича Халқ депутатлари туман кенгашининг регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси раиси П.Тулиевнинг ахбороти тингланган.

Шундан сўнг депутатлар томонидан вилоят ХТБнинг хати ҳамда депутатларнинг таклифлари инобатга олиниб, 6-мактаб директори Феруза Ахмедовани лавозимидан озод этилишига розилик берилган. Шунингдек, Ф.Ахмедова келгусида халқнинг хақли равишда норозилигини келтирувчи ёки депутатлик мақомига путур етказувчи ҳолатларга йўл қўйган тақдирда депутатлик ваколатини муддатидан илгари тугатиш ҳам белгиланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид