20 август куни президент ва тадбиркорлар учрашувида бир нечта солиқ имтиёзлари ва солиқ маъмурчилигида рўй берадиган ўзгаришлар тилга олинди. Бу ўзгаришлар нималардан иборат ва қандай амалга оширилади?

Kun.uz ушбу савол билан молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновга мурожаат қилди.

Дилшод Султонов

ҚҚС маъмурчилигини яхшилаш: экспортчи тадбиркорларга қандай енгиллик берилди?

— Президентнинг тадбиркорлар билан учрашуви илк бор ўтказилди. Президентимиз жуда кўп нарсага эътибор бердилар. 7та йўналиш белгилаб берилган бўлса, шулардан бири – солиқ йўналиши.

Солиқ йўналишида биринчи бўлиб ҚҚС маъмурчилигини яхшилаш бўйича топшириқ берилди. ҚҚС маъмурчилигида энг муҳими қўшилган қиймат солиғида экспортчи тадбиркорлик субъектларига енгиллик яратиш.

Aгар мен ҚҚС тўловчи экспортчи тадбиркор бўлсам, бугун пулим келиб тушмаган бўлса ҳам (180 куним бор реализацияга), ҚҚСни сотиб олган маҳсулотларим бўйича ҳисобга олишим ва бюджетга бериб, ҚҚСни қайтариб олишим мумкин бўлади. Бу солиқ тўловчида айланма оборот пайдо бўлишини англатади.

ҚҚСни ҳисобга олишда солиқ ва божхона идораларининг электрон базалари ўзаро боғланади

— Қўшилган қиймат солиғи бўйича база яратиш – ҚҚС маъмурчилигини яхшилашдаги иккинчи масала. Бунинг ичига божхона тўлови ва ички бозор тўлови киради. Мисол учун, ички бозорда кўпроқ маҳсулот сотиб олиб сизда минус пайдо бўлиб қолди дейлик. Божхона орқали товар импорт қилаётганда сизда товар сақланиб турган бўлса, ҚҚСни ўша ерга йўналтириш имкони пайдо бўлади. Бу – сиз қўшимча маблағ қидириб ўтирмаслигингизни англатади.

Шу билан бирга, президентимиз мулоқотда иккита нормани айтиб ўтдилар: биринчиси ҚҚСни 7 кунда қайтариш, иккинчиси ҚҚСни импорт қилаётганда бўлиб-бўлиб 120 кунда тўлаш.

13 мингта умумий овқатланиш корхонаси йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилинади

— 13 мингта умумий овқатланиш корхоналари ер ва мулк солиғидан озод этилади, бу бўйича алоҳида қарор қабул қилинади. Бундан ташқари, агар умумий овқатланиш корхоналарининг қарздорлиги бўлса, бўлиб тўлаш имконияти берилади.

Нега айнан 13 минг корхона? Умумий овқатланиш корхоналари 13 мингтадан кўпроқ, лекин 13 мингта корхонада қарздорлиги бор, ер ёки мулки бор.