25 август куни Россия Мудофаа вазирлигига алоқадор сайтда Россия томонидан Афғонистон ҳудудидан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо давлатлар ҳамда Украинанинг 500дан ортиқ фуқаролари эвакуация қилиниши ҳақида эълон берилди. Хабарда КХШТга аъзо давлатлар сифатида Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон қаторида Ўзбекистон ҳам санаб ўтилган.
Хабарнинг икки жойида Ўзбекистон КХШТ аъзоси сифатида кўрсатилган. Рус нашрлари, хусусан, ТАСС агентлиги ҳам бу хатони тўғриламасдан эълон қилган.
Ўзбекистон Республикаси 2012 йилдан буён ушбу ташкилот аъзоси ҳисобланмайди.
Мазкур ҳолат КХШТ Ўзбекистон билан ҳамкорликка тайёрлиги ҳақида баёнот бериши, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташкилотнинг Афғонистондаги вазиятга бағишлаб видеоанжуман шаклида ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этиши ортидан рўй бермоқда.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти — Россия раҳнамолигидаги ҳарбий блок ҳисобланади.

Kun.uz ҳолатга изоҳ олиш учун Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди. ТИВ расмийлари қатъий равишда Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо эмаслигини таъкидлади. Вазирлик вакили Россия нашрларида тарқатилган ушбу хабарлардан бехабар эканлигини билдирди.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти – ҳарбийлаштирилган минтақавий халқаро ташкилот ҳисобланиб, 1992 йил 15 май куни Тошкентда имзоланган халқаро битим доирасида тузилган. Унга собиқ совет иттифоқининг тўққиз республикаси аъзо бўлиб кирганди. Ҳозирда бу ташкилотга фақат Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзо ҳисобланади.
Ўзбекистон биринчи марта 1999 йил 2 апрелида ушбу ташкилотдан чиқиб кетган. Кейинчалик, АҚШ ва Ғарб давлатлари билан муносабатлар совуқлашиши ортидан 2006 йил 16 августда Ўзбекистоннинг КХШТга аъзолиги тўлиқ тикланади.















