Спорт | 10:02 / 28.08.2021
4845
3 дақиқада ўқилади

Элбек Раҳимовнинг ўлимидан сўнг Қашқадарёда спорт мураббийларига шогирдларни назорат қилишда эътиборли бўлиш уқтирилмоқда

Таниқли спортчи ва мураббий Элбек Раҳимов ўлдирилгандан сўнг Қашқадарё вилоятида оғир ва ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш мақсадида яккакураш спорт турлари бўйича ишлаётган мураббийларига шогирдларини назорат қилишда эътиборли бўлиш уқтирилмоқда. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Қарши шаҳар ИИБда «Спорт ёвузликка эмас, эзгуликка хизмат қилсин» шиори остида тадбир бўлиб ўтган. Унда вилоят ИИБ, Туризм ва спорт бошқармалари, спорт тўгараклари раҳбарлари, мураббийлар, спортчилар ва спорт соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахслар иштирок этган.

Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари полковник Жасур Атаев спорт — соғлик ва саломатлик гарови экани, давлатни дунёга танитиш билан бирга равнақи ва порлоқ келажаги учун ҳам муҳимлигини таъкидлаган.

ИИБ мутасаддиси йиғилганларга кейинги пайтларда айрим спортчиларнинг ўзбошимчалиги, манманлиги, ўз кучига ортиқча баҳо бераётгани, арзимаган баҳона туфайли низога бораётгани аянчли ҳолатларни келтириб чиқараётганини билдирган. У айниқса кураш, самбо, жанговар самбо, карате оғир атлетика билан шуғулланиб келаётган ёшларнинг ўзаро куч синашиш натижасида келиб чиқаётган келишмовчиликлар, оғир ва ўта оғир жиноятларни келтириб чиқараётганини айтган.

Қайд этилишича, тадбирда энди ҳар бир ота-она фарзандининг мураббийи билан узвий алоқани йўлга қўйиши, боланинг ўқиш ва тўгаракдан кейинги вақти қаерда кимлар билан ўтаётгани назорат остига олиши юзасидан мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилган.

Шунингдек, Элбек Раҳимовнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳодиса, бундан ташқари Қаршидаги кафеда оғир атлетика билан шуғулланадиган йигитнинг маст бўлиб жанжаллашгани ортидан келиб чиққан пичоқлашиш бошқаларга сабоқ бўлиши уқтирилган. Ёшлар спорт билан шуғулланиб тўплаётган кучини ёвузликка эмас, эзгуликка ишлатиши, мураббийларга ўз шогирдларига эътиборли бўлишлари таъкидланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид