Ўзбекистон | 15:05 / 28.08.2021
7198
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ЙПХ ходими ичида ёш болалар йиғлаб турган «Lacetti»ни ҳайдовчидан сўрамасдан миниб кетди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида йўл-патруль хизмати ходими фуқарога тегишли «Lacetti» машинасини ҳайдовчининг рухсатисиз миниб кетгани тасвирланган видео тарқалди. Ўша пайтда машина ичида йиғлаб турган ёш болалар бўлган. Ҳолатга вилоят ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода фуқаронинг машинасини миниб кетган ходим Яккабоғ тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими З.Ҳусанов экани айтилган. Ҳодисага ойдинлик киритиш ҳамда З.Ҳусановнинг ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилаётгани баён этилган.

«Албатта, ҳар қандай ноқонуний ҳаракат жазосиз қолмайди. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади», дейилади муносабатда.

Видеода ЙПХ ходими жарима майдонига жойлаштириш учун олиб кетмоқчи бўлган машина ичида болалар йиғлаб тургани эшитилади. Ҳайдовчи ЙПХ ходимига «машина ичида бировнинг боласи бор» деганига қарамасдан, ходим унга эътибор бермай машинани олиб кетиб қолган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид