Ўзбекистонда президентлик лавозими жорий этилиши

1990 йил март ойида СССР тарқатилмай туриб иттифоқ мамлакатлари ичида Ўзбекистон ССРда илк бор президентлик лавозими таъсис этилди. 24 март куни Олий Кенгаш халқ депутатлари томонидан ўша вақтда Компартия марказий қўмитаси бош котиби бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон ССР президенти этиб сайланди.

Шунингдек, 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССРда вице-президент лавозими ҳам жорий қилиниб, унга Шукрулло Мирсаидов тайинланган. Мирсаидов мамлакат тарихида биринчи ва охирги вице-президент бўлиб қолган. 1992 йил 13 январь куни вице-президентлик лавозими тугатилиб, бош вазир лавозими таъсис этилган.

Президентлик сайловлари тарихи

1991 йил 29 декабрь куни мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор умумхалқ президент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловларда Халқ демократик партиясидан Ислом Каримов ҳамда «Эрк» партиясидан партия етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг номзоди қўйилган. Сайлов якунларига кўра, Ислом Каримов 86 фоиз овоз билан ғалаба қозонган.

1995 йил 26 март куни амалдаги президент Ислом Каримовнинг ваколатларини 2000 йилга қадар узайтириш юзасидан умуммиллий референдум ўтказилади. Қатнашчиларнинг мутлақ кўпчилик (99,6 фоизи) қисмининг овози билан президентлик муддати узайтирилади.

2000 йил 9 январь куни Ўзбекистонда иккинчи марта президентлик сайлови бўлиб ўтди. Марказий Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, бунда сайловчиларнинг 95,1 фоизи, яъни 12 миллион 123 минг 199 нафар фуқаро қатнашган. Ушбу сайловда икки нафар номзод иштирок этган.

Сайлов натижаларига кўра, Фидокорлар миллий демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом Каримов 11,1 миллион нафар, яъни сайловчиларнинг 91,9 фоизи овозини олиб, ғалаба қозонган. Халқ Демократик партиясидан кўрсатилган иккинчи номзод Абдулҳафиз Жалоловга эса 505,1 минг сайловчи, яъни 4,71 фоиз сайловчи овоз берган.

Ўша пайтда амалда бўлган Конституцияга кўра, Ўзбекистонда президентнинг ваколатлари муддати 5 йил бўлган.