Иқтисодиёт | 16:42 / 01.09.2021
41274
3 дақиқада ўқилади

MFaktor лойиҳаси муаллифлари «бизнес тренингга доғ тушираётган» тренерлар бўйича муносабат билдирди

Office Market, Deli ва Dekos компаниялари асосчилари, MFaktor лойиҳаси муаллифлари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидов MFaktor’нинг навбатдаги сонида Ўзбекистонда бизнес тренинг соҳасидаги айрим тренерларнинг чиқишлари ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлиб, соҳага салбий муносабатлар уйғонганига муносабат билдирди.

«Шу кунларда ҳар хил гаплар бўляпти. Ҳасан ака, яхши кетаётгандинглар, соҳада айрим ёшлар хато қиляпти, ёшлик қилишмоқда, доғ тушириб қўйишмоқда, дейишади.

Авваламбор, муваффақият - тажрибанинг натижаси, тажриба хатоларнинг натижаси. Хато қилмасликни хато қилганлардан ўрганишимиз учун ҳам бугун биз бир-биримизга кўзгу бўлишимиз керак», дейди Ҳасан Мамасаидов.

У бир неча марта алданиб, кейин ҳеч кимга ишонмай қўйган бола ҳақидаги матални келтириб, бизнес тренинг соҳасида ҳам қизиқувчилар қайсидир тренердан ҳафсаласи пир бўлиши бутун соҳага ишончсизлик уйғотишини айтиб ўтган.

«Бир-биримизга кўзгу бўлайлик. Хатони айтиш керак. Бу соҳа ривожланса, ўзимизга яхши. Баъзида ёшлик қилиб қўямиз.

Фозил қори акам, раҳматли ҳам ҳар доим айтардилар, болаларим, шогирдларим, сиёсатнинг «с» ҳарфига ҳам бурун тиқманглар, дердилар. Биз ҳам доим айтамиз, биз фақат тадбиркорлик, таълим ва қадрият мавзусини ушлайлик, бўлди.

Диний соҳада гапириш учун диний уламолар бор. Баъзида ўзича ақллилик қилиб, дин орқали одамнинг қалбидан жой оламан деб, хол қўйиб қўяди-да энди. Чунки, тажрибаси камлик қилиб қолади ёки нотўғри ўхшатиш қилиб қўяди. 

Бу ҳам бир ибрат, жойида билдирган муносабатимиз. Кимгадир танбеҳ сифатида, кимгадир тавсия сифатида, кимгадир дашном сифатида... инсон ўзи ҳам хатосини билади.

Баъзида болангизни эркалатсангиз, бошингизга чиқиб кетса, бир шапалоқ қўйиб юборасиз-ку. Шапалоқ қўйиб юборишгача олиб бормаслигимиз керак. Бепарво бўлмайлик, эҳтиёт бўламиз. Тинчгина тадбиркорликни давом эттирамиз», дейди у.

Ҳусан Мамасаидов ҳам соҳанинг ичида юрган одамлар ораларидан кимдир хато қилганида, унга хато қилганини айтиши кераклигини таъкидлади.

У айрим бизнес тренингчилар билмаган мавзуларида спикерлик қилиб, ўзини эксперт ҳисоблаб, «қовун тушириб» қўяётганини (Билл Гейтс вақтини кетказмаслик учун ерда ётган пулга эгилмаслиги ҳақидаги ҳикоя) айтиб ўтди.

«Шунақа ҳолатларни дарҳол бизга жўнатишяпти, сизларда чиққан экан дейишади. Бундан кейин кимнидир MFaktor’га чақиришга ҳам чўчиб қолдик, соҳада мисқоллаб йиғилган обрўни бир пул қилмасин деб», дейди у.

Мавзуга оид