Август ойининг энг мудҳиш воқеаси – оққўрғонлик боғча болаларининг заҳарланиши, десак адашмаган бўламиз. 30 нафар боланинг шифохонага ётқизилиши дастлаб шов-шув бўлиб, бош прокурор даражасида назоратга олиниши айтилган ҳолат вақт ўтиши билан барчанинг эътиборидан четда қолиб бораётгандек туюлмоқда.

Консерва маҳсулотлари бўйича 12 кунда чиқиши айтилган текширув натижалари қарийб 1 ой бўлибдики, ҳамон эълон қилингани йўқ.

Бир ўлимдан қайтган болалар

Биз Оққўрғон туманида бўлиб, дастлаб заҳарланган болаларнинг ота-оналари билан суҳбатлашдик.

Қизим Очилқулова Мадинани 5-боғчага бериб келамиз. 10 август куни касалхонага тушдик, 13 август куни тузалиб чиқдик”, – дейди Насиба Бешимова.

Насиба Бешимова

Касаллик ҳақида эшитганимдан кейин бир куни Абдуллоҳнинг томоғи қизариб, иситмалагани туфайли уни юқумли касалликлар шифохонасига ўз ихтиёрим билан олиб бордим. Фарзандим 3-4 кун ётиб, яхши бўлиб кетди. Ҳозир аломатлари йўқ”, – дейди тузалиб чиққан болалардан яна бирининг отаси Ҳасан Чинташев.

Ҳасан Чинташев

Касалликни оғир ўтказаётган болаларнинг оталари эса фарзандлари ва ўзларининг бошидан ўтган воқеаларни кенгроқ сўзлаб беришди.

Ўғлим Афзалбекда 1 августдан бошлаб касаллик симптомлари билинди. Лекин айнан мана шу касаллик эканини билмаганмиз. 6 август куни бола билан бирга Янгийўлга бордик. Болалар бўлимига жойлаштиришди. У ерда айнан овқатдан заҳарланган деган ташхисни қўя олишмади. Ўғлимнинг ҳолати жуда хавфли кўринишга келиб қолди. Болам ўзини билмай қолди. 3,5 яшар бола “дада, мен ўламанми” деб сўраганидан сўнг ўзимни йўқотиб қўйдим.

8 август куни болани 16-шифохонага олиб бордим. Реанимацияга жойлаштиришди. 1-сонли юқумли касалликлар шифохонасидан Нилуфар опани чақиришди. У келиб, болани кўриши билан “бу ботулизм, овқатдан заҳарланган” дея ташхис қўйди.