Жамият | 15:00 / 07.09.2021
14591
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Герцен номидаги Россия педагогика университети филиали очилди

Филиалнинг очилиш маросимига талаба ёшлар ва уларнинг ота-оналари таклиф этилди.

Шаҳриза Жалолова катта оиланинг 3-фарзанди. У шу йили Шайхонтоҳур туманидаги 34-ўрта мактабни тамомлаб, Герцен номидаги педагогика университетининг Тошкент филиалига ўқишга кирди. Биз Шаҳриза билан университетнинг очилиш маросимида танишиб қолдик.

«Болаликдан ўқитувчилик касбига қизиқиб ўсдим, дейди биз билан суҳбатда у. Сабаби менинг онам 30 йиллик малакага эга моҳир педагог. Онамнинг мактабга, болаларга бўлган чексиз меҳри бора-бора менда шу касбга қизиқиш уйғотди. Мен ҳар доим онамга тақлид қилганман. Ҳатто болалар билан ўйнаганимда ҳам мен унга ўхшашга ҳаракат қилардим. Юртимизда шундай замонавий чет эл олийгоҳи филиали очилганидан энг аввало менинг онам хурсанд бўлди, назаримда.

Герцен номидаги университетга ўқишга кириб нафақат ўз қизиқишларим, балки онамнинг қачонлардир ушалмай қолган орзуларини амалга ошираётганимдан қувоняпман.

Бугун тенгдош дўстларим билан биз жуда бахтиёрмиз. Сабаби биз энг нуфузли педагогика олийгоҳининг илк талабаларимиз. Мен лингвистика факультетини танладим. Келажакда севимли касбим орқали болажонларга чет тилини ўргатаман. Бу менинг болаликдаги орзум эди».

Тошкентда Герцен номидаги Россия педагогика университети филиали очилди. Байрамона кайфият ҳукмрон бўлган мазкур тадбирга Шаҳриза сингари талаба ёшлар ва уларнинг ота-оналари ҳам таклиф этилдилар.

Янги ўқув йили тантаналарига уланиб кетган мазкур тадбир икки буюк давлатнинг мадҳияси садолари билан бошланди.

Мактабгача таълим вазири ҳамда Россиянинг Ўзбекистондаги мухтор элчиси ва элчихона вакиллари иштирок этган тадбирда таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бугунги аҳамияти борасида гапирилди. Мактабгача таълим тизимидаги янги ғояларни ҳаракатга келтиришда мазкур университетнинг ўрни алоҳида эътироф этилди.

Замонавий педагогиканинг энг сўнгги услуби татбиқ этиладиган ўқув методикаси борасида гапирилди. Чинакам байрам тусини олган тадбирдан сўнг талаба ёшлар янги, сўнгги русумдаги жиҳозларга эга синф хоналарида МУСТАҚИЛЛИК ДАРСИ сабоқларини тингладилар.

Ушбу ўқув йилида университетдан 71 нафар россиялик профессор ўқитувчи ҳамда 8 нафар тажрибали педагог жалб қилинган. Илмий салоҳият 92 фоизни ташкил этади. Бу эса талабаларга сифатли таълим беришни тўлақонли таъминлайди, дейди биз билан суҳбатда университет ижрочи директори профессор Қаҳрамон Олимов.

Герцен университетининг Матбуот хизмати

Мавзуга оид