“Тиббиёт институтини 2002 йилда тугатганимдан кейин маълум муддат давлат шифохонасида, тиббий ёрдамда ишладим. Ишдан ташқари инглиз тилини ўргандим, ёшлар ташкилотида фаолият олиб бордим. Хорижга қизиқишим ўша пайтларда жиддийлашган бўлса ажабмас”, – дейди Малика биз билан суҳбат бошида.

– Туркияга бориб қолишингиз тарихини сўзлаб берсангиз?

– Ўзбекистонда ишлаган пайтимдаги даврларни энтикиш билан эслайман. Сабаби, ана шундай синовлар инсонни тобларкан, неъматлар қадрига етишга ўргатаркан. Туркияга келишим тарихи аслида ишим билан боғлиқ эмас. Аксинча, Туркияга келганимдан сўнггина шифокорликка киришганман. 2003 йилда турк миллатига мансуб инсонга турмушга чиқдим ва эрим билан Туркияга кўчиб келдим.

Кўпчилик Туркия деганда Истанбул, Анқара, Измир ва Анталия каби шаҳарларни тушунади. Лекин бу давлатнинг 81та вилояти бор. Биз яшайдиган Маниса шаҳри ҳам жуда қадимий ва гўзал. Кўпчилик уни валиаҳд шаҳзодалар санжаги сифатида яхши билади. Султон Сулаймоннинг ўғли Мустафо айнан шу ерда яшаган. Мен ҳам оилам, икки ўғил ва икки қизим билан Манисада яшайман ҳамда оилавий шифокор бўлиб ишлайман.

– Ўзбекистон дипломи билан ишга киришингизда муаммо бўлмаганми?

– Бўлган, бизнинг дипломимиз, умуман хорижий дипломлар Туркияда нострификация қилиниши зарур. Нострификациясиз на давлат, на хусусий шифохоналар ишга олишади. Буни шу ерга келиб билдим. Анчагина мураккаб бўлган икки босқичли имтиҳонлар бор ва улар пойтахт Анқарада ўтказилади.

Ўзбекистондан келган кўп шифокорлар қандай қилиб нострификациядан ўтганимни сўрашади, қўлимдан келганича тушунтираман. Биринчисида фундаментал фанлардан топширилса, иккинчиси бевосита тиббиёт билан боғлиқ. Имтиҳонни биринчи уринишда топшира олмаганман. Чунки ҳали бу давлатга мослашиш жараёнида эдим, ёш болам бор эди. Кейинчалик қаттиқ тайёрланиб имтиҳондан ўтганман ва оилавий шифокор лицензиясини қўлга киритганман. Дастлаб ишимни Чаноққалъа шаҳрида тез тиббий ёрдам бўлимида бошлагандим.

Шу ўринда бир нарсани айтган бўлардим – Ўзбекистонда бизга берилган билимлар бу ерда ҳам асқатган. Яъни ёшларга шуни айтаман – яхши ўқисангиз барибир фойдаси тегади.

– Анъанавий савол – икки давлат тиббиётини солиштирсак, қандай ўхшашлик ва тафовутлар кўрилади?

– Туркияда тиббиёт уч босқичга асосланган. Биринчи босқич “халқ соғлигини қўриш” деб номланади ва унда асосан касалликлар профилактикасига эътибор берилади. Бу тизимга оила соғлик марказлари, сил касалликлари диспансерлари кабилар киради. Иккинчи босқич тиббиёт тизими ҳар бир ҳудуд марказидаги шифохоналар фаолиятига асосланган. Бу шифохоналарда тез тиббий ёрдам ходимлари ҳамда тор мутахассислар ишлашади. Умуман, Туркия тиббиёти асосан мана шу иккинчи босқичдаги тизимга суянади.