Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яккабоғдаги мактаб мутасаддиларига интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди, ўқитувчиларига ҳайфсан берилди
Бундан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги мактабда ўқувчилар парта бўлмагани учун полда ўтирган ҳолда дарс ўтгани ҳақида видео тарқалди. Ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борган вилоят прокуратураси унинг натижаларини маълум қилди.
Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, Яккабоғ тумани, «Қайрағоч» МФЙда жойлашган 39-сонли мактаб биноси 420 ўқувчи ўринга мўлжалланган бўлиб, у 1974 йилда қурилган. Мактаб биносини таъмирлаш учун 2021 йилда 3 миллиард 102 миллион 400 минг сўм ажратилган. Қурилиш-таъмирлаш ишлари 2021 йил 10 сентябрь куни якунланган.
Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаб биносига қурилиш ишлари якунида 27 та синфхона учун 405 та парта, директор, унинг ўринбосари хоналарига 1 тўпламдан ҳамда ўқитувчилар хонасига 2 тўпламдан зарурий жиҳозлар етказиб берилиши белгиланган. Аммо қурилиш ишлари якуни бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани сабабли, 2021 йил 9 сентябргача жиҳозлар етказиб берилмаган. Шу сабабли мактаб маъмурияти томонидан эски жиҳозлардан фойдаланилиб, ўқув йили бошланган. Ўрганиш давомида мактабга барча зарурий жиҳозлар етказиб берилиши таъминланган.
Қайд этилишича, ўқитувчилар Н.С. ва О.С. билан мактаб директори ўртасида дарс тақсимоти масаласида келишмовчилик юзага келган. Шундан сўнг ўқув йили бошланганда мактабда жиҳозланган хоналарда дарс ўтиш имконияти бўлатуриб, мактаб маъмуриятининг ташкилий масалалардаги камчиликларини ижтимоий тармоқларда бўрттириб кўрсатиш мақсадида 5-«а» синф ўқувчиларига бўш хонада дарс ўтилган.
Таъкидланишича, ўқитувчилар Н.С. ва О.С. таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўйига салбий таъсир кўрсатишга урингани учун уларга мактаб педагоглари ва касаба уюшма аъзоларининг қўшма йиғилиши қарори билан ҳайфсан интизомий жазоси берилган.
Шунингдек, текширув натижаси бўйича мактабнинг янги ўқув йилига тайёргарлик кўришда ва ўқув жараёнини ташкил этишда масъулиятсизликка йўл қўйган мактаб директори Ш.Қ., ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари А.Х. ва хўжалик мудири Ж.Ж.га нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, Яккабоғдаги 39-мактабдаги ҳолат бўйича халқ таълими вазири Шерзод Шерматов муносабат билдирган ва мазкур мактабда педагоглар ва директор ўртасида келишмовчилик борлигини маълум қилганди.
Мавзуга оид
22:01 / 13.06.2026
Қашқадарёда қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари фош этилди
15:20 / 13.06.2026
Эски сандиқдан топилган британча сурат: Дулси хоним излаган Боқижон Акрамов Бухоро ва Қашқадарёдан топилди
19:37 / 04.06.2026
Қашқадарёлик эшак гўшти савдогари: у уч ойда икки бор судланди
08:29 / 26.05.2026