Кеча, 24 сентябрь куни Қонунчилик палатаси навбатдаги мажлисида «Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси билан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 ноябрга қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилиши белгиланяпти.

Kun.uz ушбу лойиҳада Сардоба тошқинидан зарар кўрган бошқа тадбиркорлар, хусусан, деҳқон ва фермер хўжаликларига ҳам солиқ имтиёзлари берилиши борасида савол билан Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси, депутат Мағфират Хушвақтовага мурожаат қилди.

Лойиҳа учун масъул бўлган Қонунчилик палатаси вакилининг айтишича, бу каби масалалар йиғилишда депутатлар томонидан ҳам кўтарилган. Лекин қонун лойиҳаси муаллифи бўлган Молия вазирлиги Сардоба тошқинидан зарар кўрган бошқа турдаги тадбиркорлар ва фермерлар ҳолати ўрганилганини ҳамда уларга етказилган зарар қопланиб, тегишлича имтиёзлар берилганини билдирган. Шу сабабли лойиҳада фақатгина балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига солиқ имтиёзларини бериш назарда тутилмоқда.

Kun.uz билан гаплашган Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори биринчи ўринбосари Умид Ҳамроевга кўра, ушбу лойиҳа Ҳукумат комиссияси протоколи асосида ишлаб чиқилган.

«Ҳақиқатан депутатлар биздан бошқа соҳаларга ҳам имтиёзлар бериладими, деб сўради. Биз Ҳукумат комиссияси топшириғи асосида Сирдарё вилоятидаги ушбу хўжаликларга етказилган зарарни ўрганиб, солиқ имтиёзини қўллаш бўйича таклиф ишлаб чиқдик. Молия вазирлиги бошқа хўжаликларга ҳам солиқ имтиёзини қўллаш бўйича таклиф беролмайди, бизда бундай ваколат йўқ. Бунинг учун маҳаллий депутатлар ёки Олий Мажлис депутати қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ўша фермерларга ҳам солиқ имтиёзини қўллаш бўйича таклиф киритиши керак. Қонун лойиҳаси энди биринчи ўқишда қабул қилинди, таклифлар бўлса ўрганиб чиқилиб, бошқа фермерларга ҳам солиқ имтиёзини қўллаш назарда тутилиши мумкин», – деди Молия вазирлиги вакили.

Шунингдек, Умид Ҳамроев ушбу лойиҳада давлат ташкилотлари ва юридик шахсларнинг ётоқхоналари ҳам ер солиғидан озод қилинишига доир банд киритилганини қўшимча қилди.