1991 йил 31 сентябр. Ўзбекистон парламенти давлат мустақилигини эълон қилди. Республикада яшаётган ёш-у қари, барча ўз-ўзидан янги бир давлат фуқароси сифатида эътироф этилди. Аксар кўпчилик бундан хурсанд эди албатта.
Аммо, кўплаб ватандошларимизда фуқаролик масаласи муаммо бўлиб қолди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида бунга парво қилмаганлар учун бу неъмат йиллар ўтиб ҳаёт-мамот масаласига айланиб борди. Ҳаддан ортиқ бюрократияни деб шу заминда туғилиб ўсган не-не инсонлар аросатда қолгани ҳам бор гап.
Анвар Шамаров
«1984 йилда Тошкент туманида дунёга келдим. 2001 йили ўрта мактабни битирдим ва барча муаммо шундан кейин бошланди. Менга фуқаролик берилмаслиги сабаби сифатида ота-онамнинг Қозоғистон фуқароси эканлиги кўрсатилган. Лекин, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонунда республика фуқаролигини олиш шартларидан биринчиси сифатида шу ерда туғилганлик белгилаб қўйилган. Афсуски, бу қоида менга келганда ишламади. Алам қиладиган жиҳати шуки, тенгдошларингиз бемалол фуқаролик паспортини олади, сиз учун бу муаммога айланади.

Ўзингизни ўзбек деб ҳисоблайсиз, келажагингизни шу юрт билан боғлагансиз, бор салоҳиятингизни шу юрт учун сарфламоқчисиз, бироқ бунинг учун сизга йўл очилмаган. Қонунан ҳақингиз бор, лекин кимларнингдир, айрим шахслар ташаббуси билан рухсат йўқ.
Чет элга чиқиш учун кулранг тусдаги паспорт берилар эди. Шуни олиб Қозоғистонга бормоқчи бўлганман. Ўзбекистондан чиқишда муаммо бўлмади, Қозоғистонга кирганимдан кейин, улар мени расмийлаштириб топшириб юбормоқчи ҳам бўлишди, чунки уларга кириш учун виза олишим шарт бўлганлигини кейинроқ билдим.
2006 йилда хусусий корхонага ишга кирмоқчи бўлганимда паспортимни сўрашган. Мен ҳужжатимни кўрсатганимда “лошадиний паспорт”ми деган. Мен ҳайрон бўлдим. Тушунмадим ҳам нималигини. Шунда у киши “ипподромда пойга чопадиган отларнинг ҳам шунга ўхшаш паспорти бўлади. Сенда ҳам шунақа, Ўзбекистонда фақат яшаш ҳуқуқига эгасан, бошқа ҳуқуққа эга эмассан”, деганди.
2005 йилда юқори лавозимли бир киши билан кўришиб, шу кишидан сўраганман фуқаролик олиш имкониятимни. У киши жилмайиб, сизга ўхшаганлар кўп, сизлар қачонки сиёсат алмашса, фуқаролик олишингизлар мумкин, деб 25 йил президентлик қилган инсоннинг суратига ишора қилган эди», - деб сўзлаб берди Анвар Шамаров.

















