Ўзбекистон | 18:19 / 02.10.2021
8664
3 дақиқада ўқилади

Талабалар турар жойларини қуришда битта талаба ўрни 50 млн сўмга тушади — Тошқулов

Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Халқаро пресс-клубдаги чиқишида талабалар турар жойлари билан юзага келган муаммолар ҳақида тўхталди.

“[Талабалар турар жойлари] охирги 2 ойда жуда катта муаммога айланди, кўп танқидларга сабаб бўлди. Буларнинг ҳаммаси ўринли. 2021 йилнинг май ойига қадар Ўзбекистонда 58 минг ўринга эга 58 та ётоқхона бор эди. Яъни талабалар турар жойларига эҳтиёж 28 фоизга қондирилар эди. Жами 149 минг талабадан 58 минг талабага жой бор эди.

Ҳукумат томонидан мавжуд талабалар турар жойларидан баъзиларини икки ярусли (икки қаватли ётоқ ўринли) қилиш топшириғи берилди. Дунёнинг ривожланган давлатларида, жумладан Корея, Германияда ҳам шундай тажриба йўлга қўйилган. Биргина шу топшириқ билан мавжуд 58 минг ўринга яна 37 мингта ўрин қўшилди. Ҳар бир ўрин учун 4–5 млн харажат қилинди.

Агар талабалар турар жойи қуриладиган бўлса, давлат ёки ОТМ битта талаба ўрни учун 50 млн сарфлайди”, – деди олий таълим вазири.

Тошқуловга кўра, барча давлатлар ҳам талабаларни тўлиқ турар жой билан таъминлай олмайди. Ётоқхона учун қурилган ва кейинчалик бошқа мақсадларда фойдаланиш учун бериб юборилган айрим биноларни қайтадан мослаштириш йўли билан 5 минг талаба учун мўлжалланган турар жой бир ҳафтада фойдаланишга топширилади.

“Ижарага уй берувчиларнинг талабаларни уйига қўйишни истамаслиги ҳам танқидларга сабаб бўлди. Биз ҳаммасини кузатиб борамиз. Талабалардан кўра оилани ижарага қўйишни афзал билишади.

Бу муаммони биз – ҳукумат ҳал қилишимиз керак. Топшириқ бўлдики, талабалар турар жойларидан бирида ишламай турган кичик бозор бор. Ўша ерда Давлат хизматлари агентлиги орқали ижара берувчилар ҳам, ижарага олувчилар ҳам борадиган марказ қиламиз. Бу ерда талабалар иш топишлари ҳам мумкин бўлади. Бу номига қилинмайди. Адлия вазирлиги ҳамда бизга (ОЎМТВ) бу вазифа юклатилди”, – дея таъкидлади Тошқулов.

Маълум бўлишича, айни пайтда Ўзбекистонда талабаларнинг турар жой билан таъминланиши 28 фоиздан 41 фоизга етган. 2022–2026 йилларда 91 минг ўринли ТТЖ қуриб фойдаланишга топширилади. Бунга ҳокимликлар ҳам масъул этиб белгиланган.

Бундан ташқари, ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабалар томонидан тўланадиган ижара тўловларини қоплаб бериш тизими бўйича ҳам муаммолар юзага келгани сабабли солиқлардан озод этиш тўғрисида топшириқ берилган. Ҳозирда ушбу қарор лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид