Жаҳон | 00:10 / 04.10.2021
9656
2 дақиқада ўқилади

Уммонга “Шаҳин” циклони ёпирилди, қурбонлар бор

Фото: Reuters

3 октябрда Уммонга “Шаҳин” тропик циклони ёпирилди. Табиий офат оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлди. Аввалроқ ҳукумат соҳилбўйида яшовчи ҳудудлар аҳолисини хавфсиз жойларга кўчишга чақирган ва пойтахт Масқатга авиарейсларни бекор қилган.

Маълумотларга кўра, циклон оқибатида бир бола ва 2 нафар осиёлик ишчи ҳалок бўлган. Яна бир киши бедарак йўқолган.

Циклон ўзи билан 120 км/соат тезликдаги кучли шамолларни олиб келган.

Султонликнинг фавқулодда вазиятлар бўйича миллий қўмитаси бахтсиз ҳодисалар олдини олиш мақсадида пойтахтда электр таъминоти ўчирилишини эълон қилган. 2700 дан кўпроқ одам вақтинчалик бошпаналарга кўчирилган.

Масқатдаги автомобил йўллари ёмон об-ҳаво тугамагунча фақат фавқулодда хизматлар машиналари ва гуманитар ёрдам етказувчи транспортга очиқ қолдирилган.

Воқеа жойидан олинган видеоларда кўчалар кучли ёғингарчилик сабабли сув остида қолгани, баъзи жойларда кўчкилар юз берганини кўриш мумкин.

Циклон сабабли Уммонда 3 ва 4 октябр кунлари ишланмайдиган кунлар деб эълон қилинган.

Бундан ташқари, Уммон билан қўшни БАА ҳам циклонга тайёргарлик кўрмоқда. Жумладан, пляжлар ва пастқам жойларга бориш тақиқланган, ёмон об-ҳавога қарши курашиш штаби ташкил этилган.

Мавзуга оид