09:34 / 06.10.2021
1309

Самарқандда яшовчи 81 ёшли отахон 26 йил деганда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди

Самарқанд шаҳрида яшовчи 81 ёшли отахон 26 йил деганда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи Мират Султонов Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган. Бунгача у узоқ йиллар давомида фуқаролиги йўқ шахс мақомида яшаб келган.

М.Султонов 1995 йилда маълум сабабларга кўра Тожикистон Республикасидан Самарқанд шаҳрига кўчиб келган. 81 ёшли отахон 26 йил деганда Ўзбекистон фуқаролигини олган.

Қайд этилишича, жорий йил 4 октябрь куни отахонга Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан М.Султоновга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилингани ҳақида ID–карта расмийлаштириб берилган.

Эслатиб ўтамиз, 16 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолаганди. Унга кўра, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади. Шунингдек, қонун билан Ўзбекистонда туғилган фуқаролиги бўлмаганларга фуқаролик олиш учун узлуксиз 5 йил яшаш талаби бекор қилинган.

Top