Kun.uz мухбирининг хабар беришича, брифинг давомида Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров сайлов жараёнларида жамоат хавфсизлигини таъминловчи органлар, уларнинг вазифа ва мажбуриятлари ҳақида маълумот берди.

«Бўлажак сайловнинг ҳар томонлама пухта тайёргарлик асосида ўтказилишида жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш муҳим.

Сайлов кодексининг 49-моддасига асосан Жамоат тартибини сақлаш, сайлов ўтказиладиган бинолар ва жойларни қўриқлаш, шунингдек сайлов натижаларига доир ҳужжатларни ташиш чоғида участка сайлов комиссиялари аъзоларини кузатиб бориш тегишли ваколатли органларнинг зиммасига юклатилиши белгиланган.

Баҳром Қўчқоров

Шуни алоҳида айтиш лозимки, 2019 йилда ўтказилган парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловларида сайлов комиссиялари билан Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимлари ҳамкорлиги яхши самара берган.

Айниқса сайлов бюллетенларини етказиб бериш ва сақлаш, овоз бериш жараёнида жамоат тартибини сақлаш ҳамда овоз бериш якунларини тегишли сайлов комиссияларига етказиш билан боғлиқ масалалар тизим ходимлари томонидан юқори савияда бажарилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда президентлик сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси қарори қабул қилинди», деди у.

Сайлов кодексининг 49-моддаси талабларидан келиб чиққан қарорда қуйидагилар акс этган:

  • Президентлик сайловини ўтказишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси томонидан;
  • сайлов округлари ва участкалари ҳудудларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилиши белгиланди.