Душанба куни Европада ЖЧ-2022 саралаши доирасида 4 гуруҳда 8-тур учрашувлари бўлиб ўтди ва мундиалга йўлланма олган илк жамоа номи маълум бўлди.

Германиянинг қасоси

 Фото: ALEX GRIMM/GETTY IMAGES

J гуруҳи
Шимолий Македония — Германия — 0:4 (Ҳаверц, 50. Вернер, 70, 73. Мусиала, 83).
Руминия — Арманистон — 1:0 (Митрицэ, 26).
Исландия — Лихтенштейн — 4:0 (Тоурдарсон, 19. А.Гюдмунссон, 35, пенальти, 79, пенальти. А.Гудионсен, 89).

Македонияликларнинг Дуйсбургдаги ғалабаси — саралаш циклининг баҳорги ўйинларидаги асосий сенсациялардан бўлганди. Ўшанда Пандев билан Евро-2020га ҳам чиққан бу жамоа фантастик даражада ўйин кўрсатганди, жамоа бу сафар усиз ҳам немисларни асабига тега олди. Фақат биринчи бўлимда. Бошқа томондан жамоага ўз мухлислари ёрдам беришди — мезбон мухлислар рақиб футболчиларнинг кўзларига лазер указкалари билан нур туширишди.

Кичик жароҳатдан кейин дарвозага қайтган Нойер эса танаффусга қадар вақт давомида жамоасини бир неча бор қутқариб қолди. Иккинчи бўлим бошида эса Ханс Флик жамоаси тўпга эгалик қилиш борасидаги катта устунликни голга айлантира олди - гол позицион ҳужумда эмас, македонияликларни қарши ҳужумда доғда қолдириш орқали урилди, бу ҳужум якунида Мюллер Ҳаверцни бўш дарвоза қаршисига чиқарди. Голдан сўнг натижа қандай бўлиши деярли аниқ эди ва Германия руҳи чўккан рақибни аямади. Термада яна аввалги формасига қайтаётган Вернер биринчи бўлимда ҳам кучли зарбаси билан дарвоза устунини пойлаганди, иккинчи бўлимда эса уч дақиқа ичида дубль расмийлаштирди, голлардан бирига яна йилдан йилга ёшараётган Мюллер ҳаммуаллифлик қилди. «Челси» ҳужумчиси ҳам терма жамоанинг сўнгги ўйинларни идеал даражада ўтказмоқда - беш ўйинда беш гол ва бир ассист.

Ўйинга якуний нуқта Жамол Мусиала томонидан қўйилди - 4:0. 18 ёшли яримҳимоячи учун бу терма жамоадаги илк гол бўлди.

Немислар 21 очко жамғарди ва ЖЧ-2022нинг турнир мезбонлари бўлмиш Қатардан кейинги иккинчи иштирокчисига айланди. Германия сўнгги икки турни расмиятчилик учун ўтказади - уйда Лихтенштейн қабул қилинади, сўнгги турда Арманистонга сафар. Флик бош мураббийликка тайинлангандан буён жамоа беш ўйинда беш ғалабага эришди, тўплар нисбати - 18:1. Сентябрда немислар Лихтенштейн (2:0), Арманистон (6:0) ва Исландияни (4:0) мағлуб этишди, октябрда эса аввал Руминия (2:1), энди эса Шимолий Македония (4:0) таслим қилинди.