Узоқ йиллардан бери “Ўзметкомбинат” билан давал хомашёсини қайта ишлаш шартномаси асосида ишлаб келган тадбиркорлар 2017 йилда ёппасига терговга жалб қилинади. Уларга ҳужжатларни қалбакилаштириш, сохта тадбиркорлик, “Ўзметкомбинат” мулкини талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа бир қатор айбловлар қўйилади.

Якунда Тошкент вилоят судининг 2020 йил 15 майдаги ҳукми билан “Ўзметкомбинат” иши бўйича жами 28 киши Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айбдор деб топилади.

Тошкент вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2021 йил 23 мартдаги ажрими билан ҳукм қисман ўзгартирилиб, фақатгина бир судланувчидан 243-модда бўйича айблов олиб ташланиб, судланувчиларга нисбатан ўрнатилган айрим тақиқлар бекор қилинади.

Судланувчи Санобар Ёқубова иш бўйича тергов жараёнидаги хотираларини сўзлаб берди.

Санобар Ёқубова

2017 йил декабр ойидан мени терговга чақиришди. Давлатга зарар етказганлигимни ва уни тўлаб қўйишимни айтишди. “Шу пулни тўласангиз, кетаверасиз, сизга тегмаймиз” дейишди. Танишларимдан қарз олиб, бу пулни тўлашга тушдим. Турли қўрқитишлар билан пулни (2018 йил) март ойигача тўлаттиришди. Май ойида айблов эълон қилишди. Нега бундай қилишганини сўрасам, “пулни тўладингиз-ку, демак айбдорсиз” дейишди.

Тергов жараёнида шахсий адвокатимни киргазишмади, “давлат томонидан адвокат берамиз” дейишди. Терговга эрталаб 10да чақиришади, шу билан кечки соат 11-12гача ушлаб ўтиришади. У ерда бизни ҳеч ким эшитмади. Ўша вақти ҳаммани кетма-кет қамаб ташлайверганидан, қолаверса ярим кечасигача ушлаб ўтиришганидан кейин уйга тезроқ қайтиш учун ҳам айрим қоғозларга ўқимасдан ҳам қўл қўйиб юбордим. Прокуратурада бундай ноҳақликлар бўлади, деб кутмагандим” – дейди Санобар Ёқубова.

Яна бир судланувчи Фарҳод Жўраев ҳам тергов даврида бошидан ўтказганларини ҳикоя қилди.

Фарҳод Жўраев

Юрагимни операция қилдирган бўлишимга қарамасдан, қўлимга кишан тақиб, уришиб, “пулни қаерга беркитгансан” деб сўрашди. Мен “Ўзметкомбинат” билан давал шартномаси асосида, яъни чиқинди металларни йиғиб, қайта ишлаб беришга топшириш асосида ишлаганимни айтдим. Ҳамма ишимни қонуний қилганман, 2010 йилдан 2017 йилгача давлатга 6 млрд сўмга яқин солиқ тўлаганман. 2017 йилдан бери тергов 2 йил бўлди, ундан кейин суд бошланди, лекин суд ҳалигача якунига етгани йўқ