16:48 / 25.10.2021
2365

НДПИда икки ойлик стипендиянинг нима учун кечиктирилаётгани маълум бўлди

Фото: Нукус давлат педагогика институти матбуот хизмати

Facebook'даги «Халқ назорати» жамоатчилик гуруҳида Гулнара Хожаметова исмли фойдаланувчининг Нукус давлат педагогика институтида сентябр-октябр ойлари учун стипендиянинг нима учун кечиктирилаётгани ҳақидаги мурожаати эълон қилинди. Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти матбуот хизмати вазият юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, айни пайтда институтда 2021-2022 ўқув йилида давлат гранти асосида ўқийдиган юқори курс талабалари 1606 нафар бўлиб, ушбу талабаларнинг барчасига сентябр ҳамда октябр ойлари учун жами 916 млн 449 минг сўм миқдорида стипендия тўланган.

Давлат гранти асосида 1-курсда таҳсил олаётган талабалардан 666 нафарига сентябр ойи учун жами 356 млн 499 минг сўм миқдорида нақд пул шаклида стипендиялар тўланган.

Таъкидланишича, талабаларга октябр ойи учун стипендия тез орада нақд пул шаклида тўлаб берилиши таъминланади. Шу билан бирга, уларга келгуси ойларга стипендия тўлаш мақсадида банк пластик карталарини очиш учун тегишли хизмат кўрсатувчи банкка сўровномалар юборилган.

Институт маъмуриятига кўра, ҳозиргача стипендияли тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган ҳамда шартнома шартларида кўрсатилган суммани тўлаган жами 150 нафар талабанинг сентябр ва октябр ойлари учун жами 74 млн 258 минг сўм миқдоридаги стипендиялари тўлиқ тўлаб берилган.

Олдинроқ НДПИда талабаларга имтиҳон саволи келтирилмасдан фақат жавоб вариантлари келтирилганлиги юзасидан изоҳ берилганди.

Top