1 йилда битмаган муаммо Kun.uz танқидидан сўнг 1 ҳафтага бормай ҳал бўлди
Коронавирусдан вафот этган избосканлик врачнинг оиласига президент қарорида кўрсатилган 250 млн сўмлик тўлов марҳумнинг яқинларига нақд пулда тўлаб берилди.
2020 йили Андижон вилоят юқумли касалликлар шифохонасига коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун сафарбар қилинган врач Абдуназар Абдуғаффоров беморлар билан ишлаш давомида ўзи коронавирус юқтириб олиб, вафот этган, бироқ унинг оиласига Президент қарорида кўрсатилган тўлов шу пайтгача берилмаётган эди.
Kun.uz бу ҳақда 13 октябр куни мақола эълон қилган эди. Шу куниёқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат назоратга олинганини билдирди.
21 октябрь куни эса вазир Абдуҳаким Ҳожибоев “Бир йўла бериладиган қўшимча тўловни амалга ошириш ҳақида”ги 253-сонли буйруққа имзо чекди.
Буйруқда, коронавирус тарқалишига қарши курашда инфекция юқтириб вафот этган РШТТЁИМ Андижон филиали реаниматологи Абдуназар Абдуғаффоров оиласига 250 миллион сўм миқдоридаги бир йўла бериладиган бир марталик тўлов тўлаб бериш назарда тутилган эди.
Бугун, 26 октябрь куни филиал биносида 6 кишидан иборат боқувчисини йўқотган Абдуғаффоровлар оиласига 250 миллион сўмлик бир марталик тўлов нақд пул кўринишида топширилди.
Марҳумнинг оила аъзолари уларнинг мурожаати ижобий ечим топишга ёрдам берган Kun.uz сайти ва Андижон вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекциясига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
“Келиним ҳужжатларни тўплаб бир йил давомида уринди. Андижон вилоят Бандлик бош бошқармаси ходимлари кўмак бериб туришди. Сўнг Kun.uz сайти ҳам мурожаатимизни ўрганди. Оиламиз номидан бизнинг ҳолатимизни тушуниб бир марталик тўловни беришда ёрдам берган Соғлиқни сақлаш вазирлигига алоҳида миннатдорчилик билдираман. Маблағни Абдуназарнинг фарзандларини вояга етказиш учун сарфлаймиз”, – дейди марҳумнинг отаси Абдуқаҳҳор Абдуғаффоров.
Айни вақтда марҳумнинг яқинлари тўловни ундиришни сўраб киритган даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилмоқда. Навбатдаги суд мажлиси 4 ноябрга белгиланган (даъвогар: Андижон вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси).
Шунингдек, судда марҳумнинг ишлаб чиқаришда вафот этгани муносабати билан иш берувчи томонидан бир марталик нафақа (товон пули) 476 миллион сўм тўланиши, бундан ташқари, марҳум 2020 октябрда вафот этганидан сўнг шу кунга қадар унинг оиласига боқувчисини йўқотганлиги учун ойма-ой ҳисобланган 56 миллион сўм зарар пулларини ундириш масаласи ҳам кўрилмоқда.
Суд натижаси ҳақида қўшимча хабар қилинади.
Мавзуга оид
17:56 / 13.11.2024
Лойдан қурилаётган “дом” – Избосканда кўп қаватли уй қурилишида цемент ўрнига адир тупроғи ишлатилмоқда
20:16 / 22.10.2024
Вазир “Док-1 Макс”дан ногирон бўлиб қолган болаларга ёрдам берилаётганини айтди. Жабрланувчи ота вазирнинг гапини ёлғон деди
21:05 / 15.10.2024
ССВ: Тиббиёт соҳасидаги коррупцион ҳолатлар бўйича ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмайди
21:47 / 10.08.2024