Ўзбекистон | 10:42 / 29.10.2021
10764
2 дақиқада ўқилади

Давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган Хоразм вилояти «СЭС» бошлиғига суд ҳукми ўқилди 

У мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, пандемия даврида коронавирусга қарши курашиш учун ажратилган маблағлардан фойдаланишда давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган. 

Фото: Kun.uz

Kun.uz’нинг Хоразм вилоят судидаги манбасига кўра, Хоразм вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (СЭО ва ЖСХ) собиқ бошлиғи Д.С. мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, “J.I.” МЧЖ ҳисобрақамига Хоразм вилояти маҳаллий бюджетининг захира жамғармасидан ажратилган 617,5 млн сўмни ўтказиб бериб, дезинфекцияловчи воситалар ҳамда тиббий анжомларни бозор нархидан 252,7 млн сўмга қиммат нархда сотиб олган. 

Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судида кўрилган ишда Д.С. муқаддам судланмаганлиги, қарамоғида 3 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, етказилган зарарни қоплаш учун вилоят прокуратурасининг депозит ҳисобрақамига етарлича пул ўтказгани, фуқаровий даъвогар вакилининг унга нисбатан бошқа даъвоси йўқлигини инобатга олиб ҳукм қилинган.

Д.С. Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказиш) бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва шу кодекснинг 45-моддаси қўлланилиб, 2 йил муддатга давлат ва давлат иштирокидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. 

Шунингдек, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, давлат фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари, яъни 30 миллион 409 минг 500 сўм миқдорда жарима ундириш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид