-67 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Асадхўжа Мўйдинхўжаев турнирдаги учинчи жангида япониялик Севонрес Оказавага қарши рингга чиқди. Япониялик боксчи уч раундда ҳам устунлик қилди ва якунда ҳакамлар унинг 5:0 ҳисобидаги ғалабасини қайд этишди. Шу тариқа Асадхўжа Мўйдинхўжаев 1/8 финалда ўз иштирокини якунлади.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Мўйдинхўжаев аввалги босқичларда ирландиялик Брендон Маккивер ва фаластинлик Аҳмед Ҳарара устидан ғалаба қозонганди.

-75 кг вазн тоифаси вакили Саиджамшид Жаъфаровнинг турнирдаги учинчи рақиби озарбойжонлик Миршариф Казимзаде бўлди. Жаъфаров жангда тўлиқ устунлик қилди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Жаъфаров энди 2 ноябрь куни чорак финал доирасида таиландлик Верапон Жонгжоҳога қарши жанг олиб боради.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси
Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Жаъфаров аввалги босқичларда словакиялик Лукас Фернэтса ва япониялик Юито Маривакини мағлуб этганди.

-63,5 кг вазн тоифаси вакили Мужибилло Турсунов Хитой Тайпейи вакили Чу Ен Лаига қарши рингга чиқди. Ҳакамлар илк раундда Чу Еннинг устунлигини қайд этишди. Ўзбекистонлик боксчи аввалги жангида бўлгани каби ирода кўрсатиб, иккинчи ва учинчи раундларни ўз фойдасига ҳал қилди. Шу тариқа Турсунов жаҳон чемпионатидаги иккинчи ғалабасини қўлга киритиб, мусобақанинг чорак финалига йўл олди. У 2 ноябрь куни ушбу вазн тоифаси фаворити, жаҳон ва Олимпия ўйинлари ғолиби бўлмиш кубалик Круз Гомезга қарши жангда яримфинал йўлланмасини қўлга киритишга уриниб кўради.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси