Ўзбекистон | 09:53 / 08.11.2021
2884
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги боғчада бир гуруҳ аёллар иштирокида оммавий жанжал содир бўлди

Фото: nasafnews

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги боғчада бир гуруҳ аёллар иштирокида оммавий жанжал содир бўлгани тасвирланган видео тарқалди. Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, Нишон туманидаги 1-давлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган ҳодиса юзасидан вилоят МТБ ишчи гуруҳи тузилган ва ҳолат ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари ҳақида батафсил маълумот берилади.

Kun.uz манбасига кўра, Нишон туманида жойлашган 1-сонли давлат боғчасида жанжал 1 ноябр куни содир бўлган ва унда боғча мудираси ҳам иштирок этган.

Жанжалга боғча мудирасининг тарбиячилардан бирини ишдан бўшатиши сабаб бўлган. Ишдан бўшатилган тарбиячининг яқинлари боғчага бориб мудира билан жанжаллашган. Оқибатда оммавий жанжал келиб чиққан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Пахтачи туманида жойлашган боғчадан хўжалик ишлари мудири гўшт ўғирлаб чиқиб кетаётганда тарбиячилар томонидан ушлангани акс этган видеолавҳа тарқалганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид