Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар блокланишига “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 27 прим биринчи моддаси асос бўлмоқда. Бу моддага асосан, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар Ўзбекистон ҳудудида сақланиши керак.
Бир неча кун олдин шу талабни бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилгани кўпчиликнинг эътиборидан четда қолди. Янги қонунга асосан, эндиликда ижтимоий тармоқлар устидан айни шу модда талаби бўйича жиноят иши қўзғатилиши ҳам мумкин.
Бизнингча, бу – цензурачилар ўйлаб топган, Россиядан кўр-кўрона кўчирилган мантиқсиз қонун. Бундай дейишга асослар етарли.


Биринчидан, қонундаги талаб фақат ижтимоий тармоқларгагина тааллуқли эмас. Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларга ишлов берувчи давлат органи ёки жисмоний ва юридик шахс дейилган. Бу мантиқдан келиб чиқса, АҚШ Давлат департаменти зудлик билан грин-карта базасини Ўзбекистонга кўчириб келиши керак. Ахир ҳар йили камида 2 миллион ўзбекистонлик шахсий маълумотларини тўғри ва аниқ қилиб шу лотерея анкетасига киритади. Лекин негадир “Ўзкомназорат” АҚШ Давлат департаментига тақдимнома киритгани ҳақида ҳали эшитмадик.
Жиддий гапирадиган бўлсак, қонун талаби ҳаддан ташқари кенг. Масалан, сиз Швейцарияга бориб, банкда ҳисобрақам очсангиз, ўша Швейцария банки сизнинг маълумотларингизни сақлаш учун Ўзбекистондан сервер ижарага олиши керак. Худди шу талаб хорижий давлатларнинг визага масъул идораларига ҳам тааллуқли.
Тасаввурни кенгайтириб бораверсак, чет элда сиз яшаётган меҳмонхона, сиз чипта харид қилган авиакомпания – буларнинг бари сизнинг маълумотларингизни Ўзбекистонда сақлаши талаб қилиняпти.
Умуман, бу қонун бўйича интернетдаги миллионлаб сайтларни блоклаб қўйиш мумкин. Чунки фақат ижтимоий тармоқлар эмас, бошқа оддий сайтлар ҳам авторизациядан ўтказиш учун энг камида исм-фамилингиз ва ёшингизни сўрайди.
















