Спорт | 17:51 / 11.11.2021
10842
5 дақиқада ўқилади

ЎФА Жиззахдаги ўйинда оммавий жанжалга сабаб бўлган «Сўғдиёна» ва «Насаф» клуби мураббий ва футболчиларини жазолади

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор футболчи ҳамда расмийларга нисбатан тартиб-интизом чоралари белгиланди. Бу ҳақда ташкилот сайти хабар бермоқда.

Фото: Сўғдиёна ФК

«Жумладан, Ўзбекистон кубоги нимчоракфинал доирасидаги «Сўғдиёна» – «Насаф» учрашувида «Сўғдиёна» жамоасининг бош мураббийи Улуғбек Бақоев ўйин давомида бир неча бор ҳакамлар жамоаси қароридан ўз норозилигини қўпол тарзда билдирган. Учрашув якунидан сўнг эса «Насаф» жамоасининг 92-рақамли футболчиси Умар Эшмуродов билан ўзаро тортишиб қолиб оммавий жанжал келиб чиқишига сабаб бўлган. Бу эса учрашув якунидан сўнг мухлислар томонидан учрашув расмийлари ва футболчиларига ҳар хил буюмлар улоқтирилишига сабаб бўлган. Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, «Сўғдиёна» жамоаси вакиллари Улуғбек Бақоев ҳамда Баҳодир Насимов, шунингдек, «Насаф» клуби футболчиси Умар Эшмуродовлар 2та ўйинга дисквалификация қилиндилар ва уларга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.

Фото: Сўғдиёна ФК

Ўзбекистон кубоги чоракфинал босқичида «Сўғдиёна» — «Насаф» футбол клублари ўртасидаги учрашув вақтида «Сўғдиёна» футбол клуби мухлисларини мухлислик маданиятидан четга чиқиб, стадионга турли буюмларни улоқтиргани, стадион ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқаргани, жамоа расмий шахслари томонидан стадионда тартибсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилгани учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси Интизом кодексининг 5.4-бандларига мувофиқ «Сўғдиёна» футбол клубига нисбатан Суперлиганинг 25-тур доирасидаги «Сўғдиёна» — «Насаф» учрашувини томошабинларсиз ўтказиш интизом чораси қўлланилди», - дейилган ЎФА хабарида.

Ташкилот баёнотида шу куни Эшмуродовнинг Насимовга нисбатан қўполлиги – бош билан уриб йиқитган вазият учун «Насаф» футболчисига қизил карточка кўрсатмаган ҳакам Илгиз Танташевга нисбатан жазо чоралари ҳақида маълум қилинмаган.

Қайд этилишича, «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев Андижондаги ўйинда кузатилган воқеалар учун жазо ва жаримага тортилган. 

«Ўзбекистон Суперлигасининг 23-тури доирасидаги «Aндижон» — «Насаф» учрашувида меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўйиннинг 70-дақиқасида ҳакамлар жамоасидан ўз норозилигини билдириб, жамоани майдондан олиб чиқиб кетмоқчи бўлгани, лекин бир неча дақиқалик музокаралардан сўнг у билан учрашувни давом эттиришга келишилгани, натижада Интизом кодексининг бир неча бандларини бузилгани аниқланди. Бундан ташқари, Рўзиқул Бердиев учрашувнинг 90+3 дақиқасида мухлисларга нисбатан ножўя сўзлар ишлатгани, ушбу ҳолат оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлгани учун Рўзиқул Бердиев 2та ўйинга дисквалификация қилинди ва унга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.

Қўмитага «Бунёдкор» футбол клуби томонидан хат келиб тушган. Унда «Бунёдкор» футбол клуби Суперлиганинг 22-тур доирасидаги «Навбаҳор» — «Бунёдкор» учрашувида «Навбаҳор» жамоаси футболчиси Сардор Теляков учрашувнинг 19-дақиқасида рақиб ўйинчисига нисбатан ўйин қоидасини жиддий тарзда бузгани, лекин бу вазиятда ҳакам Сардор Теляковга нисбатан ҳеч қандай огоҳлантириш ёки четлатиш қўлламаганлиги таъкидланган. «Бунёдкор» футбол клуби Тартиб-интизом қўмитасидан Сардор Теляков нисбатан тегишли чора кўришни сўраган.

«2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар Регламенти»нинг 16.3-бандида белгиланган муддатда киритилмаган ҳамда учрашув қайдномасида қайд этилмаган шикоят ёки эътирозлар кўриб чиқилмаслиги қайд этилгани учун Тартиб-интизом қўмитаси «Бунёдкор» футбол клубининг мазкур шикоят хатини кўриб чиқилмаслигини лозим топади», - дейилади ЎФА хабарида.

Эслатиб ўтамиз, «Андижон» - «Насаф» (1:1) баҳсида учрашув бош ҳаками Азиз Асимов меҳмонларнинг голини инобатга олмаган, сўнгги дақиқаларда «Насаф» дарвозасига иккита пенальти белгилаган эди. Ўйин пайтида меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев жамоасини майдондан олиб кетмоқчи бўлган ва ўйиндан кейин ҳакам ҳақида танқидий фикрлар билдирган эди.

ЎФА футболчи ва мураббийларга нисбатан жазо чораларини эълон қилган бўлса-да, Суперлига баҳсларида қўпол хатоларга йўл қўйган Фирдавс Норсафаров, Акобирхўжа Шукуруллаев, Ильгиз Танташев сингари ҳакамларга нисбатан қандай чоралар кўрилгани ҳақида маълумот бермаган.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид