“Агентлигимизда Давлат хизматларини рақамлаштириш бошқармаси бор. Бошқармадагилар давлат хизматлари кўрсатиладиган тизимни мунтазам мониторинг қилиб туришади. Агар қайсидир базавий тизим ишламай қолса ва аҳолига хизмат кўрсатиш имкони бўлмаса, тегишли марказлар билан боғланишади.

Бугун соат 15:00 га яқин бошқама бошлиғининг маълумотига асосан фуқароларимизни овора қилмаслик ва давлат хизматлари марказларида узундан узоқ навбатлар ҳамда тушунмовчиликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш хизмати вақтинча тўхталгани ҳақида хабар бердик”, дея ДХА матбуот хизмати раҳбари Севара Зокированинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ДХАнинг Телеграмдаги расмий каналида эълон қилинган хабарда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси электрон тизимида техник-профилактик тадбирлар амалга оширилиши муносабати билан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш хизмати вақтинчалик кўрсатилмаётгани, техник-профилактик тадбирлар якунлангани ҳақида қўшимча хабар берилиши ҳақида сўз боради.

ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати раҳбари Музифа Султонованинг Kun.uz мухбири билан суҳбат давомида тизим ишламаётганини рад этди. У эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириб бериш тўхтатиб қўйилгани у ишлаётган идорага алоқаси йўқлигини таъкидлаб, юзага келган вазият бўйича изоҳни Давлат хизматлари агентлигидан сўрашни тавсия қилиш билан кифояланди.

Соат 17:50 да ДХА ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш хизмати тикланганини эълон қилди. Расмий хабарда ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун фуқаролар Давлат хизматлари марказларига шанба ва якшанба ҳамда байрам кунларидан ташқари соат 9:00 дан 15:00 гача ҳам мурожаат қилишлари мумкинлиги, шунингдек, ИИББ ЙҲХБ бўлимларига томонидан ҳам бундай хизмат кўрсатилиши эслатилган.

“Мутахассисларимиз тизимни қайта текшириб кўришганда у ишлаб кетгани маълум бўлди. Уч соат давомида аҳолига хизмат кўрсатишнинг имкони бўлмагани тизимда кузатилган техник муаммолар билан боғлиқ. Ушбу муаммолар бартараф этилгани сабабли хизмат тиклангани ҳақида қайта хабар бердик”, дея вазиятни изоҳлади Севара Зокирова.