Меннонитлар оиласи миллий кийимларда (реконструкция)

Меннонитлар кимлар?

Бу ном Нидерландияда яшаган насроний роҳиб Менно Симонс (1496-1561) билан боғлиқ. У анабаптистлар ҳаракати асосчиси ва етакчиси бўлиб, анъанавий насронийликдан фарқ қилувчи янги ғояларни тарғиб қилган. Унинг муридлари меннонитлар деб номланган.

Меннонитлар маънавий қадриятларга қаттиқ амал қилишган, ёпиқ жамоа сифатида, бошқалардан ажралиб яшашган. Улар меҳнат интизомига оғишмасдан риоя этишган, асосан деҳқончилик билан шуғулланиб, жамоа манфаати учун зарур бўлган ишларда беғараз меҳнат қилишган. Қўлга қурол олишдан, ҳарбий хизматни ўташдан ва давлат ишида ишлашдан бўйин товлашган.

Анъанавий черков Менно ва унинг ғояларини тан олмаган. Меннонитлар бидъатчи ва хурофотчи деб эълон қилиниб, қувғин ва қатл этилган. Оқибатда уларнинг кўпчилиги Шимолий Германия ва Пруссияга қочган.

Меннонитлар Марказий Осиёда

XVIII асрда немис ва ҳолланд меннонитлар Екатерина II таклифи билан Россияга кўчиб ўтишади. Император аёл уларга кўплаб имтиёзларни беради, жумладан ҳарбий хизматдан озод этади. Аммо Александр II (1855-1881) тахтга ўтиргач, меннонитларга берилган имтиёзлар бекор қилинади. Шундан сўнг улар Америка ва Марказий Осиёга йўл олишади.

1880 йилда Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман меннонит миллатдошларини Тошкентга чақиради. Натижада уларнинг 71 оиладан иборат жамоаси кўчиб келади. Аммо орадан бир йил ўтгач, Туркистонда ҳам мажбурий ҳарбий хизмат жорий этилади. Меннонитлар эса Тошкентни тарк этиб, Бухоро амирлигига йўл олишади. Самарқанд яқинидаги Зирабулоқ қишлоғида қўним топишади.

Амир Музаффар дастлаб меннонитларни ўз фуқаролигига олишга розилик беради. Аммо уларнинг сони кўплиги ва ҳаёт тарзи ўзгача эканини кўргач, хавотирланиб, фикрини ўзгартиради.

«Меннонитлар тилимизни билмайди, ерга ишлов беролмайди, аёлларининг эса юзи очиқ, бу ердагиларга ёмон ўрнак бўлади», дейди амир.

Шундан сўнг меннонитлар Хива хонлигидан ёрдам сўрашади. Хива хони Саид Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) уларни қабул қилишга, ер ажратишга розилик билдиради. Уларнинг олдига фақат битта – тўнғиз боқмаслик шарти қўйилади.

Меннонитлар Хивада

1882 йилда немис ва ҳолланд меннонитлар Хивадан 160 км узоқликдаги Кўҳна Урганч шаҳри яқинига кўчиб келишади. Кичик қўрғон барпо қилиб, деҳқончилик билан шуғуллана бошлашади. Бироқ улар бу жойда тинч-тотув яшай олмайди. Қўрғондан атиги 5 км узоқликда яшовчи туркман-ёвмут қабиласи меннонитларнинг қўлига қурол олмаслиги, қаршилик кўрсатмаслиги, куч ишлатмаслигини билиб қолгач, отларини, чорваларини ўғирлай бошлашади. Кейинчалик аёлларига ҳам кўз олайтиришади.