16:37 / 18.11.2021
58060

Зойир Мирзаев расман Тошкент вилоятининг янги ҳокими бўлди

Даврон Ҳидоятов бир йил ишламасдан вилоят раҳбарлигидан олинди. Тошкент вилоятига янги ҳоким тайинланди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Бугун, 18 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлиги мажлислар залида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов иштирок этди. 

Шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят, шаҳар ва туманлар секторлар раҳбарлари, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари, Сенат аъзолари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари қатнашди. 

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Зайнилобиддин Низомиддинов президент фармони билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди. 

Унга кўра, 2021 йил январидан буён Тошкент вилоятига раҳбарлик қилиб келаётган Даврон Ҳидоятов лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнига шу вақтгача Қашқадарё вилоятига раҳбарлик қилиб келган Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Бундан аввалроқ Даврон Ҳидоятов Тошкент шаҳри ҳокими лавозимини эгаллаши ҳақида хабарлар тарқалган, Kun.uz манбаси бу маълумотни рад этиб, Ҳидоятов Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри ҳокими бўлиши кутилаётганини маълум қилганди.

Маълумот учун, бу Тошкент вилоятида 2016 йил бошидан буён вилоятга еттинчи бор янги ҳоким тайинланишидир:

  • Содиқ Абдуллаев (2016 йил 4 февраль — 2016 йил 12 август)
  • Исломжон Эргашхўжаев (в. б.) (2016 йил 12 август — 2016 йил 15 декабрь)
  • Шукурулло Бобоев (2016 йил 15 декабрь — 2017 йил 30 октябрь)
  • Ғуломжон Ибрагимов (2017 йил 30 октябрь — 2019 йил 4 июнь)
  • Рустам Холматов (2019 йил 4 июнь — 2021 йил 30 январь)
  • Даврон Ҳидоятов (2021 йил 30 январь — 2021 йил 18 ноябрь) 

Тошкент вилоятига мустақиллик йилларида жами 14 нафар ҳоким ишлаган ва вилоят бу борада республикада биринчи ўринда (бундан кейинги натижа Самарқанд вилоятига тегишли - вилоятнинг ҳозирги раҳбари Эркинжон Турдимов 12-раҳбар бўлиб турибди).

Top