16:20 / 19.11.2021
13366

Саида Мирзиёева ЮНЕСКО раҳбарлигига қайта сайланган Одри Азуле билан учрашди

Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева Парижда ЮНЕСКО бош директори лавозимга қайта сайланган Одри Азуле билан учрашди. 

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Азуле хонимни ЮНЕСКО ижроия кенгаши томонидан меҳнатлари эътироф этилгани ва ишонч билдирилгани билан  табрикладим. Ушбу мақомдаги самарали саъй-ҳаракатлари, мамлакатимизда кўплаб ажойиб лойиҳаларни, жумладан "Лазги" балети постановкаси ва бошқаларни амалга оширишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирдим”, деб ёзади Саида Мирзиёева. 

Қайд этилишича, Одри Азуле доим маданий тадбирлар марказида бўлиб, ЮНЕСКО манфаатлари йўлида астойдил хизмат қилиб, жаҳоннинг тарихий ва маданий бойликларини асрашга муносиб ҳисса қўшмоқда. 

“Бу инсон ҳамиша юртимизнинг ардоқли меҳмони бўлади!” - дейди Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

Маълум қилинишича, Одри Азуле билан учрашувдан сўнг ЮНЕСКО биносига экскурсия уюштирилган. 

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“1889 йилда қурилган La Bourse de Commerce биржасига ҳам бордик. Бу ерда Франсуа Пино замонавий санъат жамғармасининг музейи жойлашади.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

ЮНЕСКО ташкилоти биноси билан Биржани бир исм бирлаштиради — Тадао Андо. Бу архитектор ЮНЕСКО устави кучга кирганининг 50 йиллиги муносабати билан ташкилот биноси корпуслари орасида медитация павильонини барпо этди. Биржа биноси эса унинг Франциядаги энг йирик лойиҳаси ва Франсуа Пино билан ҳамкорликда амалга оширган учинчи муваффақиятли лойиҳасидир.

Тадао Андога тегишли архитектура намуналари билан танишишни интиқлик билан кутаётгандим — у Ўзбекистон давлат санъат музейи янги биносининг дизайн-концепцияси муаллифидир. 
Назаримда, Тадао Андо Париж Биржаси биноси ичида барпо этган концепция мукаммал даражада. Бинонинг тарихий қиёфаси тикланган. Музейимиз учун меъмор танлашда ҳам унинг архитектура шакли ва нисбатини бузмаган ҳолда нурни тўғри йўналтириш маҳорати инобатга олинди”, деб ёзган Саида Мирзиёева.

Фото: Миллий масс-медиа фонди
Фото: Миллий масс-медиа фонди
Top