Кенгаш матбуот хизматининг хабар беришича, 2021 йил 19 ноябр куни қабул қилинган қарорга кўра:

Шеҳроз Омонов – судялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги 10 йиллик, шундан 5 йил муддатга Жиззах вилояти фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг раиси лавозимига;

Қаҳрамон Мирсафоев – судялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги 10 йиллик муддатига Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судяси лавозимига тайинланган.

Шунингдек, Шерзод Ҳошимов судялик ваколати муддати даврининг 5 йил муддатига Фарғона ҳарбий судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг раиси лавозимидан озод қилинган.

Тожиддин Ваҳобов судялик ваколати муддати даврининг 5 йил муддатига Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг раиси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судяси лавозимидан озод қилинган.

Нодиржон Райимқулов судялик ваколати муддати даврига Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судяси лавозимига қайта тайинланди ва шу муносабат билан Наманган вилояти жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судяси лавозимидан озод қилинган.

Қўшимча қилинишича, Фарғона вилояти фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судяси Гулнора Обидова ва Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раисининг ўринбосари Одилбек Ҳазратқулов лавозимидан озод этилиб, ваколатлари муддатидан аввал тугатилган.

Одилбек Ҳазратқулов / Фото: Facebook

Kun.uz 2 нафар судя қайси ҳаракатлари туфайли лавозимидан озод этилганини билиш учун кенгаш билан боғланди. Кенгаш матбуот котиби Турсунали Акбаров судялар қасамёдини бузгани учун лавозимидан озод этилганини, бироқ батафсил маълумот беролмаслигини билдирди.

Маълумот учун: "Судлар тўғрисида"ги қонуннинг 64-моддасига мувофиқИлк бор судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилганидан кейин ўз вазифасини бажаришга киришади: 

«Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан»