Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Дубайдаги «Expo-2020» бутунжаҳон кўргазмасида сўнгги йилларда мамлакат илмий ва иқтисодий ютуқлари, маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти, шунингдек, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш режаси, инвестиция имкониятлари кенг халқаро жамоатчиликка намойиш этилаётган Ўзбекистон Миллий павильони ўз ишини амалга оширмоқда.

Дубайдаги бутунжаҳон кўргазмаси фаолияти давомида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистон Миллий павильони билан ҳамкорликда мамлакат маданий ва сайёҳлик салоҳиятини халқаро майдонда илгари суришга қаратилган қатор тадбирларни тақдим этади.

«Expo 2020 Dubai» жаҳон кўргазмаси 2022 йилнинг 31 мартигача бўлган даврда бутун дунё бўйлаб 25 миллионга яқин меҳмонларни қабул қилиши режалаштирилган.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева:

«Бугун Ўзбекистон дунёга очиқ, ижобий тажриба орттиришга тайёр ҳамда ўз тажрибаси билан мамнуният ила ўртоқлашар экан, юртимизнинг маданий салоҳиятини халқаро майдонда самарали тарғиб этиш учун янги пойдевор қўймоқдамиз. 2022 йилда Ўзбекистон ва БАА ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Бу, бизни бир-биримизга ишониш, янги ютуқларга илҳомлантириш, турли даражаларда ва соҳаларда ўзаро мулоқот қилишни ўргатган уч самарали ўн йилликлар эди. Шунинг учун, Ўзбекистонни «EXPO 2020 Dubay» жаҳон кўргазмасида иштирок этиши — бу Бирлашган Араб Амирликлари-ташкилотчи мамлакат ва бошқа иштирокчи мамлакатлар билан юқори даражадаги мулоқотга қўшимча суръат бахш этадиган муҳим воқеадир».

2021 йилнинг 27 ноябрь. «Dubai Opera» саҳнасида «Лазги – қалб ва муҳаббат рақси» балетининг халқаро тақдимоти

Халқаро аудиторияга ўзбек халқининг асл анъаналарини намойиш этган Хоразм рақсининг мутлақо янги талқини тақдим этилади. «Лазги – қалб ва муҳаббат рақси» балетининг саҳналаштирилиши Ўзбекистон балетини янги босқичга олиб чиқди ва илк бор дунё бўйлаб саёҳатини бошлайди. Биринчи марта Ўзбекистоннинг энг машҳур рақсларидан бири, маданий мерос ва тарихи «Dubai Opera» кўп форматли санъат маркази саҳнасида намойиш этилади.