07:31 / 24.11.2021
8797

Тошкентда шар сотиб юрган 9 ёшли боланинг отаси жаримага тортилди

Интернет тармоғида тарқалган хабарлардан бирида фуқаро кўчада ҳаво шарларини сотаётган ёш болага эътибор қаратиб, ушбу ҳолатдан хавотирда эканлигини билдирган. Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилишича, мазкур факт бўйича текширув ўтказилди.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 20 ноябрь куни умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси, 9 ёшли Ш.Ф. ҳақиқатан ҳам Юнусобод тумани Биллур маҳалласида ҳаво шарларини сотиш мақсадида юрган. 

Қайд этилишича, шу ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ ходимлари боланинг отаси – 34 ёшли Н.Ф. билан боғланишди. 

Фуқаро билан профилактик суҳбат ўтказилиб, сўнг унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисми (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича баённома расмийлаштирилди.

Top