Kun.uz мухбирлари Самарқанд шаҳридаги 63-мактабда ҳамда қиз яшайдиган маҳаллада бўлиб, воқеа тафсилотлари билан танишди. 13 ёшида ҳомиладор бўлиб қолган қиз мазкур мактабнинг рус тили синфида ўқийди.

1500 ўқувчига мўлжалланган мактабда 2128 нафар ўқувчи (!) икки сменада таълим олади.

Мактаб директори Сурайё Қўчқорованинг маълум қилишича, қизнинг ҳомиладорлигини 19 ноябр куни уларнинг уйига меҳмон бўлиб келган холаси аниқлаган ва керакли жойларга хабар берган. 20 ноябрь куни УТТ текширувида 13 ёшли Л.М.нинг ҳомиладорлиги тасдиқланган. Айни пайтда ҳомила 23-24 ҳафталик экани айтилмоқда.

Сурайё Қўчқорова. 63-мактаб директори

«Айни кунларда совуқда болалар мактабга қалинроқ кийиниб келишаётгани боис, унинг аҳволини мактабда визуал аниқлаш мумкин эмасди», деб тушунтирди директор.

Қиз бола янги ўқув йили бошлангач, 6 сентябрь санасидан мактабга мунтазам қатнаган. Дарсликлар олган.

Қиз мактаб раҳбариятига онаси билан 5 йилдан буён бирга яшовчи эркак шу йил июнь ойида унинг номусига теккани, ўшандан буён бу ҳаракат муттасил такрорланганини айтган.

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси педагогик-психологик ташхис шуъбаси мудири Хуршид Розиқовнинг тушунтиришича, бундай ўқувчиларни назоратга олишда ичкиликка ружу қўйган, ота-онаси томонидан зўравонликка учраган, ота-онаси чет элда яшайдиган ёки вафот этган каби нобоп оилалар тоифаси тузилган.

Хуршид Розиқов, Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси педагогик-психологик ташхис шуъбаси мудири

«Номуси топталган ва ҳомиладор ўқувчи қиз бирйўла учта тоифага тўғри келади: онаси ичкиликка ружу қўйган, отаси йўқ, зўравонликка дучор бўлган. Мактаб жамоасининг айби, бундай ўқувчини рўйхатга олиб, шаҳар ҳокимлиги ва ички ишлар органларига ёрдам бериш масаласида хат билан чиқиш каби зарур чораларни кўрмаган. Мактабда рўйхат шакллантирилган, лекин айнан шу ўқувчи йўқ рўйхатда», — деди Хуршид Розиқов.