Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вазир ўринбосари: “Қарши муҳандислик институтида 21,6 млрд сўмлик коррупциявий ҳолат аниқланган”
“Мазкур маблағлар ҳисобчи ва кассирлар томонидан иш ҳақи ва стипендиялар тўлови учун банкдан ортиқча нақд пул олиб сохта ва қалбакилаштирилган тўлов қайдномалари тузиш асосида ўзлаштирилган”, дейди Раҳимжон Ҳакимов.
Фото: Қарши муҳандислик институти
26 ноябр куни АОКАда олий таълим соҳасида “коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишга оид матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов айни пайтда энг кўп коррупциявий ҳолатлар аниқланган олий таълим муассасаларидан иккитаси ҳақида гапирди.
“2021 йилда энг йирик коррупциявий ҳолатлар – Қарши давлат муҳандислик иқтисодиёт институти ва Жиззах политехника институти бўлган”, деди вазирлик вакили.
“Масалан, Қарши муҳандислик институтида охирги 4 йилда жами 21,6 млрд сўмлик коррупциявий ҳолат аниқланган. Мазкур маблағлар институтнинг собиқ бош ҳисобчиси, иш ҳақи ҳисобчилари ва кассирлари томонидан ҳисобланган иш ҳақи ва стипендияларга нисбатан банкдан ортиқча нақд пул олиб сохта ва қалбакилаштирилган тўлов қайдномалари тузиш орқали ўзлаштирилган. Ҳозирда бу бўйича белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суд ва тергов ҳаракатлари амалга ошириляпти”, дея Раҳимжон Ҳакимов сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Шунингдек, вазир ўринбосари Жиззах политехника институти аниқланган коррупциявий ҳолат ҳақида ҳам гапирган.
“Жиззах политехника институтида 2017-2020 йиллар давомида ишчи ходимларга UzASBO дастурий мажмуасида ҳисобланиб тўланиши лозим бўлган нақд пул маблағларидан жами 1 млрд 500 млн сўм ўзлаштирилгани аниқланган. Бу бўйича тергов ҳаракатлари тугатилиб, ҳозир иш судга тақдим этилган. 1,5 млрд сўмлик зарар тўлиқ ундирилган”, деди вазирлик вакили.
Қайд этилишича, сўнгги вақтда олий таълим тизимида талабалар қамрови 3 баробар ошди. Айни пайтда республикада 750 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. 2016 йилда эса бу кўрсаткич қарийб 3 баробар кам – 275 минг нафар бўлган.